2026 йил 1 апрелдан Ўзбекистонда давлат тиббиёт муассасаларининг иш вақти режими олти кунликдан беш кунлик иш ҳафтасига ўтказилади. Бу президентнинг тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган.
Ҳужжатда «тиббиёт муассасалари фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида байрам ва дам олиш кунлари уларнинг иши навбатчилик асосида ташкил этилиши» маълум қилинган.
8 ноябр куни президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари куни муносабати билан йўлланган табригида соҳа вакилларининг хизматлари юксак баҳоланишини, улар учун моддий ва ижтимоий шароитлар босқичма-босқич яхшиланишини таъкидлаганди. Хусусан, табрикда молиялаштиришни ошириш, рақамлаштириш ва кадрлар тайёрлашга доир устувор вазифалар белгилаб берилганди.











