Жаҳон | 16:11 / 10.11.2025
4183
6 дақиқада ўқилади

Исроиллик кўчманчилар Ғарбий соҳилда зайтун тераётган фаластинликлар ва журналистларга ҳужум қилди

БМТ ҳисоботига кўра, исроиллик ноқонуний кўчманчилар октябрда Ғарбий соҳилдаги фаластинлик деҳқонларга икки юздан ортиқ ҳужум уюштирган ва минглаб дарахтларни йўқ қилган. Хусусан, сўнгги ҳужумда кўчманчилар деҳқонлар ва Reuters нашрининг икки нафар ходимини дубинкалар билан калтаклади.

Журналист Ранин Савафта Наблус яқинида исроиллик кўчманчилар ҳужумидан сўнг тиббиёт ходимлари томонидан олиб кетилмоқда. / Фото: Reuters

Исроиллик кўчманчилар 8 ноябр куни босиб олган Ғарбий соҳил ҳудудидаги ноқонуний посёлкалар яқинида зайтун тераётган фаластинлик қишлоқ аҳолиси, фаоллар ва журналистларга ҳужум қилди.

Reuters нашрининг ёзишича, ушбу ҳужумда агентликнинг икки ходими – журналист ва унга ҳамроҳ бўлган хавфсизлик маслаҳатчиси ҳам калтакланган.

Гувоҳларнинг айтишича, шанба куни тахминан 30 нафар қишлоқ аҳолиси ва фаоллар, шунингдек, 10 га яқин журналист зайтун терими учун тўпланган. Шу вақтда тепаликдаги посёлкалардан ўнлаб эркаклар пастга тушиб, ҳужум бошлаган. Улар Reuters фотомухбири Ранин Савафтани ўзини ҳимоя қилишга уринган пайтда бир неча бор таёқ билан урган.

Фото: Reuters

Воқеани кузатган исроиллик ҳуқуқ фаоли Жонатан Поллакнинг сўзларига кўра, ҳужумда тахминан 50 ниқобли кўчманчилар қатнашган. Унинг айтишича, Савафтага ҳужум қилганлар «уни шафқатсизларча урган, у ерда йиқилган пайтида ҳам тош отишда давом этган ва унга ёрдам бермоқчи бўлган ҳар бир инсонга ҳужум қилган».

Жонатан Поллак / Фото: Reuters

Поллакнинг айтишича, кўчманчилар иброний тилида «Бу ердан кет!» деган қичқириқларни ҳам айтган.

Савафта билан бирга Reutersʼнинг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Грант Бовден ҳам бўлган. У журналистни ҳимоя қилишга уринаётганида калтакланган. Савафтанинг фотоаппарат жиҳозлари синиб кетган.

Иккаласи ҳам дубинкаларга қарши «Пресс» деб ёзилган аниқ белгиларга эга ҳимоя кийимида эди. Дубинка зарбалари кучидан Савафтанинг дубулғасида катта чуқурча пайдо бўлган. Тез ёрдам машинаси уларни Наблус шаҳридаги шифохонага тиббий кўрик ва даволаниш учун олиб кетган. Ҳодиса чоғида яна бир неча киши жароҳат олган.

Reuters журналисти Ранин Савафта / Фото: Reuters

«Биз Исроил ҳукуматини бу ҳодисани тергов қилишга, айбдорларни жавобгарликка тортишга ҳамда журналистларнинг эркин ва хавфсиз ишлашини таъминлашга чақирамиз», - дейилади Reuters баёнотида.

Al-Jazeera оператори Лой ас-Саид эса ўзини ниқоб таққан эркаклар қувиб келганини тасвирлаб берди:

«Ҳар сафар орқамга қараганимда кимдир мени тутмоқчи бўлаётганини кўрардим... Улар бўйчан, бақувват ва ниқобда эди, ҳаракатлари эса уюшган эди», дейди у.

Матбуот эркинлиги ҳимоячилари бу ҳужумни Исроил қонунбузарликларини ҳужжатлаштираётган журналистларни жим қилишга қаратилган кампаниянинг бир қисми сифатида баҳоламоқда.

Фото: Anadolu

Anadolu нашрининг маҳаллий ОАВларга таяниб хабар беришича, шанба куни Исроил армияси ва ноқонуний кўчманчилар Ғарбий соҳилда уюштирган ҳужумлар оқибатида бир нафар фаластинлик ҳалок бўлган, яна 17 нафар фаластинлик, жумладан, хорижлик фаоллар жароҳат олган.

Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги 26 ёшли Абдул Раҳмон Даравсха Исроил кучлари томонидан ўқ узилиши туфайли ҳалок бўлганини билдирди.

Зайтунчиларга қарши ҳужумлар

Ғарбий соҳилдаги Наблус шаҳрининг жанубида жойлашган бу жой сўнгги йилларда кўчманчилар ҳужумлари учун «асосий нуқта» ҳисобланади. Ғазода уруш бошланганидан кейин бутун Ғарбий соҳилда ҳужумлар янада кучайди. Айниқса, бу йилги зайтун терими даврида – октябр ойида бошланган мавсум пайтида ҳужумлар кескин ортган.

Ғарбий соҳилдаги Наблус шаҳри / Фото: Britannica

Бундай ҳужумлар сони ошгани сари исроиллик ва халқаро фаоллар Фаластин деҳқонларининг олдига, теримга чиқмоқда. Уларнинг мақсади – деҳқонларга ёрдам бериш, зайтун боғлари меваларини йиғиб олиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш, зўравонлик ҳолатларини ҳужжатлаштириш. Кўпинча фаоллар ёки маҳаллий фаластинликлар терим режаси ҳақида журналистларга олдиндан хабар беришади, шунда улар айниқса хавфли ҳудудларда воқеаларни ёритиш учун етиб келишади.

Кўчманчиларнинг бундай посёлкалари эса Исроил расмийлари томонидан рухсат этилмаган вагонлардан иборат. Фаластинликлар ва дунёнинг аксарият мамлакатлари бундай посёлкаларни халқаро ҳуқуққа кўра ноқонуний деб ҳисоблайди.

Исроил Мудофаа кучлари ўз баёнотида тўқнашув ҳақида хабар олгач, воқеа жойига аскарлар юборилганини билдирди. Бироқ гувоҳлар айтишича, ҳужум пайтида жойда бирорта исроиллик аскар кўринмаган.

Шунингдек, IDF – бу ҳолатни полиция текширишини қўшимча қилган. Лекин Исроил полицияси ҳам, кўчманчилар посёлкалар бўйича Кенгаш ҳам Reutersʼнинг сўровларига жавоб бермаган.

Жазосиз қолаётган кўчманчилар

7 ноябр куни БМТ эълон қилган ҳисоботга кўра, исроиллик кўчманчилар октябр ойида Ғарбий соҳилда фаластинликларга қарши камида 264 та ҳужум содир этган. Бу 2006 йилда, БМТ бундай ҳолатларни кузата бошлаганидан бери энг юқори ойлик кўрсаткич ҳисобланади.

«Бу 2006 йилдан буён олиб борилган кузатувлар орасида энг юқори ойлик кўрсаткич бўлиб, ҳар куни ўртача саккизта ҳужум содир этилганини англатади», — деди БМТ матбуот котиби Фарҳан Ҳақ, Ҳуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармасига таяниб.

Ташкилот маълумотига кўра, ҳужумлар натижасида 140 нафар фаластинлик жароҳат олган, 4 200 дан ортиқ дарахт эса вайрон қилинган ёки зарар кўрган.

Исроиллик ҳуқуқ ташкилотларига кўра, бу каби воқеалар жуда кам ҳолларда тергов қилинади ва ҳужумчиларнинг аксарияти жазосиз қолади.

Фото: AFP

Al-Jazeeraʼнинг ёзишича, исроиллик кўчманчилар Наблус шаҳри жанубида жойлашган фаластинликларга тегишли ўнлаб зайтун дарахтларига ўт қўйган.

Қишлоқ кенгаши раиси Ромий Нассарга кўра, ёнғинни ўчиришга уринган фаластинликларнинг йўллари кўчманчилар томонидан тўсиб қўйилган.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид