Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шатдаун: Трамп ишга чиқмаётган авиадиспетчерларга таҳдид қилди
АҚШ президенти маош тўланиши кечиккан даврда ўз вазифаларини бажаришдан бош тортган авиадиспетчерларга тўловларни “жиддий қисқартириш” билан таҳдид қилди. Ишни давом эттирганларга эса у 10 000 доллар миқдорида мукофот ваъда қилди.
АҚШда давомийлиги бўйича рекорд ўрнатган шатдаун туфайли авиақатновлар кескин қисқараётган бир пайтда мамлакат президенти Доналд Трамп маошлар кечикиб турган даврда ўз мажбуриятларини бажармаган авиадиспетчерларга нисбатан тўловларни “жиддий қисқартириш” билан таҳдид қилди. “Барча авиадиспетчерлар дарҳол ишга қайтиши шарт!!! Буни қилмаганларни жиддий маош қисқариши кутмоқда”, — деб ёзди АҚШ раҳбари 10 ноябр куни Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Шу билан бирга, Трамп шатдаун пайтида ҳам ишни давом эттирган диспетчерларни рағбатлантиришни ваъда қилди. Уларни “улкан ватанпарварлар” деб атаган ҳолда, ҳар бирига 10 000 доллар (тахминан 8650 евро) мукофот тўлашни тавсия қилишини билдирди.
АҚШда 40 кундан ортиқ давом этаётган шатдаун сабаб авиадиспетчерлар икки ой кетма-кет маош ололмади. Шундан кейин касаллик таътилига чиқиш ҳолатлари кўпайди. АҚШ транспорт вазири Шон Даффининг айтишича, молиявий қийинчиликлар туфайли айрим авиадиспетчерлар қўшимча иш излашга мажбур бўлган.
АҚШ Фуқаро авиацияси федерал маъмурияти (FAA) 7 ноябр куни авиакомпанияларга мамлакатдаги энг йирик 40 аэропортда кунлик рейслар сонини тўрт фоизга қисqartиришни буюрганини эълон қилди. Бу кўрсаткич 11 ноябрга бориб олти фоизга, 14 ноябрга бориб эса ўн фоизгача ўсиши керак.
Ўз навбатида авиакомпаниялар вакиллари парвозларни тартибга солиш бўйича кўплаб чоралар рейсларни режалаштиришни деярли имконсиз қилиб қўйганини билдирди. ОАВ маълумотларига кўра, минглаб рейслар бекор қилинди ёки кечиктирилди.
Дональд Трамп 10 ноябр куни Truth Social’даги постида ишдан бўшашни ўйлаётган авиадиспетчерларга ҳеч иккиланмасдан — “ҳеч қандай тўлов ёки компенсациясиз” бундай қилишни тавсия этди. “Сизлар тезда ҳақиқий ватанпарварлар билан алмаштириласиз, улар ҳозир (АҚШ ҳокимияти — таҳр.) буюртма қилаётган дунёда энг янги, замонавий ускуналарда янада яхшироқ ишлайди”, — деди у.