Сешанба куни ўнлаб исроиллик келгиндилар Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида бир қатор ёнғинлар уюштирди: улар босиб олинган ҳудуд шимолидаги Фаластин омбори, бадавийлар қишлоғи ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларига ҳужум қилди. Бир неча фаластинлик яраланган.
Зайтун йиғим-терими мавсуми бошланганидан сўнг, фаластинликлар ўз шаҳарлари ва қишлоқларини қуршаб турувчи қишлоқ хўжалиги далаларига чиққанида бундай ҳужумлар тез-тез содир бўла бошлади.
БМТнинг Инсонпарварлик масалаларини мувофиқлаштириш бошқармаси маълумотларига кўра, октябр ойида исроиллик келгиндилар томонидан зўравонлик ҳужумлари сони қарийб 20 йиллик кузатувлар давомида энг юқори кўрсаткичга етган.
1967 йилги уруш пайтида Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддус босиб олинганидан сўнг, Исроил бу ҳудудларда ҳозиргача 160 га яқин аҳоли пунктларини қурган, бугунги кунда бу манзилгоҳларда 700 минг яҳудий яшайди. Фаластинликлар бу ҳудудларни Ғазо сектори билан бир қаторда бўлажак Фаластин давлати ҳудуди сифатида кўради.
Тахминий маълумотларга кўра, исроиллик келгиндилар билан ёнма-ён 3,3 миллион фаластинлик яшамоқда.
Халқаро ҳуқуққа кўра, бу манзилгоҳлар ноқонуний ҳисобланади.
Ҳужумлар қандай кечган?
Сешанба куни олинган кадрларда ниқобдаги ўнлаб кишилар Тулкарм шаҳри шарқидаги тепаликда пайдо бўлганини кўриш мумкин. Яқин атрофдаги Байт-Лид аҳоли пунктида Фаластин омборига ҳужум уюштирилган ва юк машиналарига ўт қўйилган. Видеода бадавийларнинг Дайр-Шараф қишлоғида ёнаётган чодирлар ҳам кўрсатилган, фонда аёллар қичқириқлари эшитилади.
Фаластин мухторияти вазирларидан бири Муайяд Шаабан (у девор ва аҳоли пунктлари қурилишига қарши кураш комиссиясини бошқаради) ҳужумлар «қўрқитиш ва террор ёрдамида чидаб бўлмас шароитлар яратиш» учун мўлжалланганини айтди.

Исроил мудофаа армияси ўз ҳарбий хизматчилари «можарога барҳам бериш учун» воқеа жойига етиб боргани, «тартибсизликларни тарқатиш воситаларидан фойдалангани ва бир неча исроиллик қўлга олингани»ни маълум қилди.
















