Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинага АҚШдан қурол сотиб олиш учун 500 млн доллар ажратилади
Скандинавия ва Болтиқ мамлакатлари PURL дастури доирасида Украина учун АҚШдан қурол-яроғ харид қилишга 500 млн доллар ажратишини эълон қилди. Хусусан, қурол-яроғ пулини Дания, Финландия, Исландия, Эстония, Литва ва Латвия тўлаб беради.
Скандинавия ва Болтиқбўйида жойлашган шимолий Европанинг саккиз мамлакати Украина учун АҚШдан қурол-яроғ сотиб олиш мақсадида, асосан Европа шериклари томонидан молиялаштириладиган дастур доирасида 430 млн евро (500 млн доллар) ажратади. Мос баёнот 13 ноябр куни НАТО сайтида эълон қилинди.
«Дания, Эстония, Финландия, Исландия, Латвия, Литва, Норвегия ва Швеция НАТОнинг PURL ташаббуси доирасида Украина учун АҚШдан 500 миллион долларлик ҳарбий техника ва ўқ-дорилар пакетини биргаликда молиялаштиришини бугун эълон қилди», — дейилади маълумотда.
Бу қарорни НАТО бош котиби Марк Рютте қўллаб-қувватлади. Унинг сўзларига кўра, «Украинада қиш мавсуми бошланаётган бир пайтда, “жуда муҳим ҳарбий техника” етказиб берилиши алоҳида аҳамият касб этади».
«Украинанинг устувор эҳтиёжлари рўйхати» (Prioritised Ukraine Requirements List, PURL) дастури 2025 йил июлидан бошлаб НАТО ва АҚШ президенти Доналд Трамп келишувига биноан амал қилади. 17 сентябр куни Володимир Зеленскийнинг айтишича, PURL доирасида Украина бугунгача 2 млрд доллардан ортиқ маблағ олган, йил якунида эса 3–3,5 млрд долларга умид қилмоқда. Бу маблағлар ҳисобига, жумладан, Patriot ҳаво мудофаа тизимлари ҳамда HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимлари учун ракеталар харид қилинган.
Бундан кўп ўтмай Reuters агентлиги АҚШ Трампнинг Оқ уйга қайтишидан кейин илк бор Украинага қурол етказиб беришни қайта бошлаётгани ҳақида хабар берди. Ўшанда PURL доирасида мамлакатга яқин вақт ичида ҳар бири 500 млн долларлик икки ҳарбий ёрдам пакетини юбориш режалаштирилаётгани қайд этилган эди.