2023 йил октябрда бошланган Ҳамас-Исроил уруши ортидан Ғарбий Соҳилда кўчманчилар зўравонлиги кучаймоқда. Натижада ўн минглаб фаластинликлар уйларини ташлаб кўчишга мажбур бўлмоқда.

13 ноябрь куни исроиллик радикал кўчманчилар босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги Ҳожа Ҳамида масжидини ёқиб юборди. New York Times'нинг ёзишича, ҳужум – АҚШ ва Исроил ҳарбий расмийларининг ҳудудда зўравонлик кучайиши борасидаги хавотири ортаётган пайтга тўғри келди.

Пайшанба куни тонг саҳарда содир бўлган воқеа Ғарбий Соҳилнинг шимолидаги Деир Истия қишлоғида юз берди. Ҳужум чоғида масжид бўш бўлган ва ҳеч ким жабрланмаган.

Фото: AP
Фото: AP

Фаластин маъмурияти расмийси Али Диабнинг айтишича, ёнғин оқибатида масжиддаги муқаддас Қуръони Карим китобларининг бир қисми ёнган. Бино деворлари қорайиб кетган ва гиламлар ҳам ёқиб юборилган. Кўчманчилар масжиднинг ташқи деворларига ҳақоратли сўзларни ҳам ёзиб кетган.

Фото: AP

«Бу ҳаракатлар қўрқинчли. Агар масжидда одамлар бўлганида-чи? Биз фожиа билан юзма-юз келишимиз мумкин эди», дейди фаластинлик расмий.

«Бу экстремистик гуруҳлар ҳаётимизни вайрон қилмоқда. Ҳар куни ўзимизни кўпроқ қўрқувда ҳис қиляпмиз», дея масжид имоми Аҳмад Салемнинг сўзларини келтирмоқда нашр.

БМТ, АҚШ ва ҳатто Исроил ҳам «норози»

Исроил армияси Бош штаби бошлиғи, генерал-лейтенант Эйол Замир шу ҳафта исроиллик кўчманчилар зўравонлигини камдан-кам учрайдиган тарзда қоралади.

Эйол Замир / Фото: Anadolu