Футбол бўйича Нигерия миллий жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионати саралашининг иккинчи раунди финалида сенсацион равишда Конго демократик республикаси жамоасига ютқазиб қўйди.
Ҳолбуки нигерияликлар ўйиннинг учинчи дақиқасидаёқ ҳисобни очишганди – яримҳимоячи Фрэнк Онека гол урди. Аммо ярим соат ўтиб рақиб ҳужумчиси Элиа Мешак мувозанатни тиклади (1:1). Ўйиннинг асосий вақтида ва қўшимча бўлимларда ғолиб аниқланмади ва жамоалар пеналтилар сериясига ўтди, футбол лотереясида эса Африканинг энг кучли жамоаларидан бири мағлуб бўлди (3:4).
Конголиклар бош мураббийи Себастян Дезабр 120-дақиқада захира дарвозабони Тимоти Фаюлуни майдонга туширди. Бу ушбу дарвозабон учун миллий жамоадаги илк расмий ўйин бўлди. Лекин пеналтилар бўйича мутахассис ҳисобланмаган ушбу дарвозабон ишончни оқлади ва иккита зарбани қайтарди.
Нигерияликлар устози Эрик Шелл эса пеналтилар серияси вақтида фаоллик билан рақиблар мураббийлар штабига эътироз билдириб турди, якуний зарбадан кейин эса муштлашув келтириб чиқарди.
У ўйиндан кейинги интервюсида мағлубият учун рақибларни сеҳр-жоду ишлатишда айблашдан бошқа баҳона топа олмади.
ESPN мухбири хабар беришича, Шелл ҳал қилувчи пеналтилар серияси юзасидан изоҳ бераркан, рақиблар тақиқланган усулга қўл урганини иддао қилган.
«Барча пеналти зарбалари вақтида Конгодан бўлган бир йигит қандайдир сеҳргарлик билан машғул бўлди. Ҳар сафар... Ҳар сафар! Мен шу туфайли жуда қаттиқ асабийлашдим», – деган у.
У журналистнинг айнан нимани назарда тутаётгани ҳақидаги саволига аниқ жавоб бера олмаган. «Бунақа қилди (қўлларини силкитган). Билмайман, балки у сув сепгандир ёки шунга ўхшаш нимадир қилди», – дея қўшимча қилган мураббий қўллари билан сув сепиш ҳаракатини тасвирлаб.
Кейинроқ у микст-зонада аниқлик киритиб, вуду маросимини назарда тутганини айтди.
Аммо нигериялик мухлислар ижтимоий тармоқларда мағлубият сабабини айнан бош мураббийнинг хато қарорлари билан боғламоқда, у иккинчи бўлимда Виктор Осимҳен, Адемола Лукман, Саму Чуквезе ва Алекс Ивоби каби етакчиларни майдондан олганди ва пеналтилар сериясида асосий юлдузларнинг йўқлиги билинди.
Шу тариқа, бир вақтлар жаҳон чемпионатларининг мунтазам иштирокчиси бўлган Нигерия қаторасига иккинчи мундиални ўтказиб юборадиган бўлди.
Конго футболчилари миллион доллар учун курашмоқда











