Жаҳон | 11:39 / 20.11.2025
2334
3 дақиқада ўқилади

Италия «Шимолий оқим» иши бўйича Украина фуқаросини Германияга топширишини тасдиқлади

«Шимолий оқим» газ қувурларини портлатиш иши бўйича гумонланаётган Украина фуқароси Сергей К. 10 кун ичида Германияга топширилиши керак. Бу ҳақда унинг адвокати кассация суди ҳукмига таяниб маълум қилди.

Фото: Swedish Coast Guard / Getty Images

Италия кассация суди — мамлакатнинг энг юқори суд инстанцияси — «Шимолий оқим» газ қувурларида портлаш бўйича ишда гумонланаётган Украина фуқароси Сергей К.ни Германия ҳокимиятига экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарорни якуний тарзда тасдиқлади. Бу ҳақда чоршанба, 19 ноябр куни кечқурун унинг адвокати Никола Канестрини журналистларга маълум қилди.

Ҳимоячининг сўзларига кўра, 49 ёшли Сергей К. 10 кун ичида Германияга топширилиши лозим. Dpa агентлиги ёзишича, у, эҳтимол, Ҳамбургда суд олдида жавоб беради. Германия Федерал прокуратураси Сергей К.ни портлашларни амалга оширишга шерикликда ва конституциявий тузумга қарши диверсия фаолиятида айбламоқда.

Бу Украина фуқаросини Германияга топшириш ҳақидаги қарорга берилган шикоятни кўриш бўйича иккинчи маротаба ўтказилаётган жараён. Илгари кассация суди шикоятни қаноатлантириб, ишни қайта кўриб чиқиш учун юборган эди. Бироқ такрорий эшитув ҳам яна экстрадиция тўғрисидаги қарор билан якунланди.

Сергей К. ёзда оиласи билан дам олаётган пайтида Адриатика денгизининг Италия қирғоғида қўлга олинган. Немис терговчилари маълумотларига кўра, украиналик бу шахс тўрт нафар ғаввосни ўз ичига олган етти кишидан иборат гуруҳга раҳбарлик қилган. Режани амалга ошириш учун улар Германияда Andromeda номи билан юрадиган яхтани ижарага олиб, Болтиқ денгизига чиққан.

«Шимолий оқим» газ қувурларидаги портлаш иши бўйича яна бир гумонланувчи — аввалроқ Полшада қўлга олинган, 46 ёшли Украина фуқароси Владимир Ж.ни Германияга топширишдан Варшава суди октябр ўртасида бош тортиб, уни қамоқдан озод этиш тўғрисида қарор чиқарди. Судя Дариуш Любовский Берлиннинг экстрадиция тўғрисидаги сўровини «кўриб чиқишга лойиқ эмас», деб баҳолади. Полша бош вазири Дональд Туск суд қарори тўғри бўлганини таъкидлади.

2022 йил кузида «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим – 2» қувурларидаги портлашлар халқаро миқёсда катта резонансга сабаб бўлди. Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан ярим йил ўтгач, Болтиқ денгизи, Борнхолм ороли яқинидаги бир нечта сувости портлашлари қувурларни вайрон қилди. Кейинчалик газ қувурининг тўртта йўналишидан учтасида сизиб чиқиш жойлари аниқланди, улар орқали газ етказиб бериш имконсиз бўлиб қолди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид