Жаҳон | 17:05 / 21.11.2025
24013
12 дақиқада ўқилади

ОАВда Трамп тинчлик режасининг тўлиқ матни эълон қилинди

АҚШ Украина уни бир ҳафта ичида имзолашини кутмоқда.

Axios нашри Доналд Трамп маъмуриятининг Украинадаги урушни тўхтатиш режасини эълон қилди. Нашр ҳужжатни қоралама вариант деб атаган, шу билан бирга, унинг ҳақиқийлигини Украина ва АҚШ расмийлари тасдиқлаган. Аввалроқ Трампнинг режасини (украин тилида) Олий рада депутати Алексей Гончаренко ҳам эълон қилганди. Ҳужжат 28 банддан иборат.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Financial Times маълумотига кўра, Трамп Киев тинчлик режасини бир неча кун ичида маъқуллаши учун Украина ҳукуматига кучли босим ўтказмоқда. Украиналик расмийлар нашр билан суҳбатда Оқ уйдагилар Украина президенти Володимир Зеленский битимни Шукроналик кунигача (АҚШда 27 ноябр куни нишонланади) имзолашини исташмоқда. FT суҳбатдошларининг сўзларига кўра, АҚШдагилар кутаётган муддатга риоя этилиши даргумон.

20 ноябр куни Зеленский АҚШ армияси вазири Дэниел Дрисколл бошчилигидаги юқори мартабали америкалик ҳарбийлар делегациясини қабул қилди. Учрашувда америкаликлар Украина президентига тинчлик режасини расман тақдим этган. Кейинроқ Зеленский кечки мурожаатида Украинага «муносиб тинчлик» кераклигини айтди. «Мен биз учун принципиал бўлган нарсани белгилаб бердим. Ва жамоаларимиз ушбу таклифларни ҳаётга татбиқ этиш устида иш олиб боришига келишиб олдик. Биз кескин баёнотлар бермаймиз ва аниқ, шаффоф ишлашга интиламиз», – деди Зеленский. Украинанинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Кристина Гаёвишин 20 ноябр куни БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида АҚШ таклиф қилган тинчлик режаси ҳақида гапираркан, унинг мамлакати ўз «қизил чизиқлари» борлиги, улар «аниқ ва мустаҳкам» эканини таъкидлади.

Трампнинг режаси. Қисқача

  • Қрим, Луҳанск ва Донецк (режада шаҳарларнинг номи келтирилган, лекин, катта эҳтимол билан, гап Луҳанск ва Донецк областлари ҳақида кетган) АҚШ томонидан де-факто Россияники деб тан олинади. Херсон ва Запорижжя областлари ҳозирги фронт чизиғи бўйича бўлиб олинади. Россия Украинанинг тўрт региони ҳамда Қримдан ташқаридаги эгаллаб олинган бошқа ҳудудлардан (Суми ва Харкив областларида) воз кечади. Украина Донецк областидан қўшинларини тўлиқ олиб чиқади ва бу ҳудуд Россия таркибидаги буфер зонага айланади.
  • Украина қуролли кучларидаги ҳарбийлар сони 600 минг кишигача қисқаради (ҳозирда 800–850 минг киши).
  • Украина Конституциясига НАТОга қўшилмаслик ҳақидаги модда киритилади, НАТО эса Украинани келажакда ҳам алянсга қабул қилмаслик мажбуриятини олади. Шу билан бирга, Украинанинг Европа Иттифоқига кириш ҳуқуқи чекланмайди.
  • НАТО Украинада ўз қўшинларини жойлаштирмайди, алянс қирувчилари қўшни Полша ҳудудида бўлади. Россия Европа ва Украинага ҳужум қилмаслик, НАТО ўз ҳудудини кенгайтирмаслик мажбуриятини олади.
  • Россиянинг музлатилган активларидан 100 миллиард доллари Украинани тиклашга сарфланади, бу сармоялардан келадиган фойданинг 50 фоизини АҚШ олади. Европа яна 100 миллиард доллар қўшади. Россиянинг музлатилган активларининг қолган қисми Америка-Россия инвестиция фондига инвестиция қилинади ва қўшма лойиҳаларга йўналтирилади.
  • Россиядан санкциялар босқичма-босқич ечилади, унга «Катта саккизлик»ка (G8) қайтиш таклифи берилади.
  • Келишув имзоланганидан 100 кун ўтиб Украинада сайловлар ўтказилади.
  • Бу можарога жалб қилинган барча томонлар уруш давридаги ҳаракатлари учун тўлиқ амнистияга эришади.
  • Барча томонлар ҳақиқий ҳужжатга розилик билдиргач, дарҳол ўт очишни тўхтатиш режими амал қилишни бошлайди.

The Wall Street Journal маълумотига кўра, Украина ҳукумати тинчлик режасининг энг муҳим бандларидан бирини ўзгартиришни талаб қилган. Гап уруш пайтида олинган халқаро ёрдам бўйича аудит ўтказиш банди ҳақида кетмоқда. Америкалик мулозимлардан бири нашр билан суҳбатда бундай текширув эҳтимолий коррупция ҳолатларини аниқлаши кераклигини таъкидлади. Бироқ, Украина «уруш пайтидаги ҳаракатлар учун тўлиқ амнистия» формулировкасини талаб қилди, деди нашр манбаси.

Трамп режаси. Тўлиқ

1. Украина суверенитети тасдиқланади.

2. Россия, Украина ва Европа ўртасида ўзаро ҳужум қилмаслик тўғрисида кенг қамровли шартнома тузилади. Сўнгги 30 йилдаги барча қарама-қаршиликлар ҳал қилинган деб ҳисобланади.

3. Россия қўшни давлатлар ҳудудига бостириб кирмаслиги, НАТО эса кенгайишда давом этмаслиги керак бўлади.

4. Россия ва НАТО ўртасида Қўшма Штатлар воситачилигида барча хавфсизлик масалаларини ҳал қилиш ва глобал хавфсизликни таъминлаш ҳамда ҳамкорлик ва келажакдаги иқтисодий ривожланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида кескинликни камайтириш учун шароит яратишга қаратилган мулоқот ўтказилади.

5. Украина ишончли хавфсизлик кафолатларини олади.

6. Украина қуролли кучлари 600 000 минг киши даражасида чекланади.

7. Украина ўз Конституциясида НАТОга қўшилмаслигини мустаҳкамлашга, НАТО эса ўз низомига Украина келажакда [алянсга] қабул қилинмаслиги ҳақидаги бандни киритишга рози бўлиши керак.

8. НАТО ўз қўшинларини Украина ҳудудига жойлаштирмайди.

9. Европа қирувчи самолётлари Полшага жойлаштирилади.

10. АҚШ кафолатлари:

  • АҚШ тақдим этилган кафолатлар учун товон пули олади;
  • агар Украина Россияга бостириб кирса, у кафил мақомини йўқотади;
  • агар Россия Украинага бостириб кирса, қатъий мувофиқлаштирилган ҳарбий жавобдан ташқари, барча глобал санкциялар тикланади, янги ҳудудлар тан олиниши ва ушбу битимнинг бошқа барча афзалликлари бекор қилинади;
  • агар Украина сабабсиз Москва ёки Санкт-Петербургга ракета учирса, хавфсизлик кафолатлари ҳақиқий эмас деб топилади.

11. Украина Европа Иттифоқига кириш ҳуқуқига эга бўлади, шунингдек, бу масала кўриб чиқилгунга қадар Европа бозорига қисқа муддатли имтиёзли кириш ҳуқуқи билан таъминланади.

12. Украинани тиклаш бўйича кучли глобал чора-тадбирлар тўплами:

  • тез ривожланаётган соҳаларга, жумладан технологиялар, маълумотларни қайта ишлаш марказлари ва сунъий интеллектга сармоя киритиш учун Украина тараққиёт жамғармасини ташкил этиш;
  • АҚШ ва Украина ўртасида Украина газ инфратузилмасини, жумладан, газ қувурлари ва омборларини биргаликда тиклаш, ривожлантириш, модернизация қилиш ва ишлатиш бўйича ҳамкорлик;
  • шаҳарлар ва турар жойларни реконструкция ва модернизация қилиш мақсадида урушдан зарар кўрган ҳудудларни тиклаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар;
  • инфратузилмаларни ривожлантириш;
  • фойдали қазилмалар ва табиий ресурсларни қазиб олиш;
  • Жаҳон банки томонидан ушбу саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш учун махсус молиялаштириш пакетини ишлаб чиқиш.

13. Россия жаҳон иқтисодиётига реинтеграция қилинади:

  • санкцияларни бекор қилиш босқичма-босқич ва якка тартибда муҳокама қилинади ва келишилади;
  • АҚШ ва Россия энергетика, табиий ресурслар, инфратузилма, сунъий интеллект, маълумотларни қайта ишлаш марказлари, Арктикада нодир металларни қазиб олиш лойиҳалари ва бошқа ўзаро манфаатли корпоратив имкониятлар соҳаларида ўзаро ривожланиш учун узоқ муддатли иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида битим тузади;
  • Россияга «Катта саккизлик»ка (G8) қайтиш таклиф қилинади.

14. Музлатилган активлардан қуйидагича фойдаланилади:

  • Россиянинг музлатилган активларининг 100 миллиард доллари АҚШ бошчилигидаги Украинани тиклаш ва инвестициялаш бўйича чора-тадбирларга инвестиция қилинади;
  • АҚШ бу операциялардан келадиган фойданинг 50 фоизини олади;
  • Европа Украинани тиклашга йўналтириладиган инвестициялар ҳажмини ошириш учун яна 100 миллиард доллар қўшади;
  • Россиянинг музлатилган активларининг қолган қисми алоҳида тармоқлардаги қўшма лойиҳаларни (Россия-Америка) амалга ошириш учун инвестиция қилинади;
  • бу фонд можаро қайталанмаслиги учун кучли рағбат яратиш мақсадида муносабатларни мустаҳкамлаш ва умумий манфаатларни оширишга йўналтирилади.

15. Ушбу битимнинг барча қоидалари бажарилишига кўмаклашиш ва уни таъминлаш учун хавфсизлик масалалари бўйича Америка-Россия қўшма ишчи гуруҳи тузилади.

16. Россия ўз қонунчилигида Европа ва Украинага ҳужум қилмаслик сиёсатини мустаҳкамлаб қўяди.

17. АҚШ ва Россия ядро қуролини тарқатмаслик ва уни назорат қилиш тўғрисидаги шартномалар, жумладан, СНВ-1 шартномасини узайтиришга келишиб олади.

18. Украина Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага мувофиқ ядросиз давлат бўлиб қолишга рози бўлади.

19. Запорижжя АЭС Халқаро атом энергетикаси агентлиги назорати остида ишга туширилади ҳамда ишлаб чиқарилган электр энергияси Россия ва Украина ўртасида тенг тақсимланади – 50 га 50.

20. Икки мамлакат ҳам мактаблар ва жамиятда ўзаро тушуниш, турли маданиятларга бағрикенглик ва ирқчилик ҳамда нотўғри қарашларни бартараф этишга қаратилган таълим дастурларини амалга ошириш мажбуриятини олади:

  • Украина Европа Иттифоқининг диний бағрикенглик ва тил озчиликларини ҳимоя қилиш бўйича қоидаларини жорий этади;
  • ҳар икки давлат барча камситувчи чораларни бекор қилиш ва украин ҳамда рус оммавий ахборот воситалари ҳамда таълим тизимлари ҳуқуқларини кафолатлашга келишиб олади;
  • барча нацистик мафкура ва у билан боғлиқ фаолият рад этилиши ва тақиқланиши керак.

21. Ҳудудлар:

  • Қрим, Луҳанск ва Донецк де-факто Россияники деб тан олинади, жумладан, Қўшма Штатлар томонидан ҳам;
  • Херсон ва Запорижжяда фронт чизиғи музлатилади, бу амалда ҳудудлар иккига бўлиб олинишини англатади;
  • Россия беш региондан ташқарида эгаллаб олган ҳудудларидан воз кечади;
  • Украина қўшинларини Донецк областининг ҳозирда ўз назоратида қолаётган қисмларидан олиб чиқади, бу халқаро миқёсда Россия Федерациясига тегишли ҳудуд сифатида тан олинган бетараф демилитаризация қилинган буфер зона ҳисобланади. Россия кучлари ҳам бу ҳудудга кирмайди.

22. Келажакдаги ҳудудий келишувлар келишиб олингандан сўнг, Россия Федерацияси ҳам, Украина ҳам ушбу келишувларни куч билан ўзгартирмаслик мажбуриятини олади. Ушбу мажбурият бузилган тақдирда, ҳеч қандай хавфсизлик кафолатлари қўлланмайди.

23. Россия Украинанинг Днипро дарёсидан тижорий мақсадларда фойдаланишига тўсқинлик қилмайди ва Қора денгиз орқали ғаллани эркин ташиш бўйича келишувларга эришилади.

24. Ҳал қилинмаган масалаларни ҳал қилиш учун гуманитар қўмита ташкил этилади:

  • барча асирлар ва қурбонларнинг жасадлари «барчани барчага» принципи бўйича алмаштирилади;
  • гаровдаги барча фуқаролар ва асирлар, жумладан, олиб кетилган болалар қайтарилади;
  • оилаларни бирлаштириш дастури амалга оширилади;
  • можаро қурбонларининг уқубатларини енгиллатиш учун чоралар кўрилади.

25. 100 кун ўтиб Украинада сайловлар ўтказилади.

26. Бу можарога жалб этилган барча томонлар уруш давридаги ҳаракатлари учун тўлиқ амнистия қилинади ва келгусида ҳеч қандай даъво қилмаслик ва шикоятларни кўриб чиқмаслик мажбуриятини олади.

27. Ушбу келишув мажбурий юридик кучга эга бўлади. Унинг бажарилиши президент Доналд Трамп бошчилигидаги Тинчлик кенгаши томонидан назорат қилинади ва кафолатланади. Қоидабузарликлар учун санкциялар жорий этилади.

28. Барча томонлар ушбу ҳужжатга рози бўлганидан сўнг, ҳар икки томон келишувни амалга оширишни бошлаш учун келишилган позицияларга чекинганидан сўнг дарҳол ўт очишни тўхтатиш режими кучга киради.

Хавфсизлик кафолатлари

Матнда Украина айнан қандай «ишончли хавфсизлик кафолатлари»га эга бўлишига аниқлик киритиилмаган, бироқ Axios олган маълумотларга кўра, Киевга бу борада алоҳида ҳужжат тақдим этилган, унга кўра, хавфсизлик кафолатлари НАТОнинг 5-моддасига асосланади: у алянс мамлакатларидан бирига ҳужум барчага ҳужум сифатида баҳоланишини назарда тутади. Кафолатлар АҚШ ва Европа иттифоқчиларини Украинага ҳужумга бутун «трансатлантик ҳамжамият»га ҳужум сифатида қабул қилиш мажбуриятини юклайди.

Axios мақоласида айтилишича, Россиянинг Украинага ҳар қандай «муҳим, қасддан ва узоқ давом этадиган қуролли ҳужуми» «трансатлантик ҳамжамият тинчлиги ва хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳужум сифатида қаралиши керак», АҚШ ва унинг иттифоқчилари эса тегишли тарзда, жумладан, ҳарбий куч ишлатиш орқали жавоб қайтаради.

Хавфсизлик кафолатлари 10 йил давомида амал қилади ва ўзаро келишувга кўра узайтирилиши мумкин. Америкалик мулозимлардан бирининг сўзларига кўра, хавфсизлик бўйича таклиф қилинган кафолатларни Трамп маъмурияти Зеленский ва Украинанинг узоқ муддатли хавфсизлиги учун «катта ғалаба» деб билади.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид