Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил: Ғазо секторида ҲАМАС қўмондони йўқ қилинди
Исроил ҳарбийлари маълум қилишича, ҲАМАСнинг таъминот тизими бўйича асосий раҳбари Алаа ал-Ҳадидий йўқ қилинган. Исроил ва ҲАМАС ўт очишни тўхтатиш режими бузилгани юзасидан бир-бирини айблашни давом эттирмоқда.
Фото: Reuters
Исроил якшанба куни, 23 ноябрда, Ғазо секторида Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати маҳаллий қўмондонларидан бири йўқ қилинганини маълум қилди. Исроил ҳарбийлари баёнотида қайд этилишича, ўлдирилган шахс ҲАМАС штабида таъминот хизмати раҳбари бўлган Алаа ал-Ҳадидийдир. У шанба куни бутун Ғазо сектори бўйлаб ўтказилган амалиётлардан бири чоғида йўқ қилинган.
ҲАМАС ал-Ҳадидийнинг ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлар юзасидан ҳали бирор баёнот бермади. Шу орада Исроил ва Фаластин гуруҳи ўт очишни тўхтатиш режими бузилгани борасида бир-бирини айблашда давом этмоқда.
Исроил ҳарбийлари бир кун олдин Ғазо секторига авиаҳужумлар уюштирган. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг айтишича, бу зарбалар ҲАМАСнинг Исроил назоратидаги ҳудудга жангчи юборгани учун жавоб зарбаси бўлган.
Нетаняҳунинг сўзларига кўра, авиаҳужумлар натижасида ҲАМАСнинг беш нафар юқори мартабали аъзоси йўқ қилинган. Ўз навбатида, ҲАМАС назоратидаги Ғазо соғлиқни сақлаш органлари Исроил зарбалари натижасида камида 20 нафар фаластинлик ҳалок бўлганини маълум қилди.
Евроиттифоқ ва АҚШда террорчи ташкилот деб эътироф этилган ҲАМАС ҳаракатининг 2023 йил 7 октябр куни Исроилга қилган ҳужуми Яқин Шарқдаги можаронинг янги босқичи кескин авж олиши нуқтаси бўлди. Ўшанда жангчилар Исроилга ракета зарбалари берган, унинг ҳудудига кириб борган ва тахминан 1200 кишини ўлдирган. Шунингдек, тахминан 250 нафар гаровга олинган киши Ғазо секторига олиб кетилган. Кейинчалик гаровдагиларнинг бир қисми алмаштирилган ёки озод қилинган, бир қисми эса ҳалок бўлган.
Исроил бу ҳужумга жавобан ҲАМАСга уруш эълон қилди. ҲАМАС назоратидаги соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ердаги ҳарбий амалиётлар ва Ғазо сектори бомбардимон қилиниши вақтида 67 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, яна 169 мингдан кўпроғи яраланган.
Мавзуга оид
16:58 / 04.12.2025
Ғазо вайроналари орасида 54 жуфтлик учун оммавий тўй ўтказилди – фотолар
08:29 / 01.12.2025
SIPRI ҳисоботи: Украинадаги уруш фонида қурол савдоси тарихий максимумга чиқди
13:17 / 29.11.2025
Исроил кучлари қуролсиз ва таслим бўлган икки фаластинликни отиб ўлдирди (видео)
16:03 / 26.11.2025