Маълумотга кўра, Йўл ҳаракати қоидаларининг 162-бандига мувофиқ, автотранспорт воситаларининг очиқ юк ташиш платформаларида қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, саноат ва озиқ-овқат товарлари, шунингдек, тўкилиб кетиши мумкин бўлган бошқа юклар ташилаётганда, юк мажбурий тартибда брезент ёки бошқа қалин материал билан ёпилган бўлиши шарт. Фақат иссиқ асфалт, йирик габаритли ва оғир юклар бундан мустасно ҳисобланади.
Мутахассислар таъкидлашича, очиқ платформаларда юкларни ёпмасдан ташиш йўлларнинг чанг ва чиқинди билан ифлосланишига, йўлда ҳаракатланаётган бошқа транспорт воситалари учун хавф туғилишига ва йўл-транспорт ҳодисалари юзага келиш эҳтимолининг ошишига сабаб бўлади.
ЙҲХБ ва Экология қўмитаси барча ҳайдовчилардан юк ташишда ЙҲҚ талабларига қатъий риоя қилишни, очиқ кузовда ташилаётган юкларни тўлиқ ёпиш орқали йўллар софлиги ва атроф-муҳит учун масъулият билан ёндашишни сўрамоқда.









