Жаҳон | 13:40 / 25.11.2025
931
2 дақиқада ўқилади

АҚШ суди ФТБ собиқ раҳбари Жеймс Комига қўйилган айбловларни рад этди

АҚШ федерал судяси Кэмерон Макгоуэн Карри ФТБ собиқ директори Жеймс Коми ва Ню-Йорк штати бош прокурори Летиция Жеймсга нисбатан қўйилган айбловларни кўриб чиқишдан бош тортди. Иккаласи ҳам ўзини Доналд Трампни танқид қилгани учун таъқиб қилишмоқда, деб келаётган эди.

Фото: AP / J. Scott Applewhite

АҚШнинг Жанубий Каролина штатидаги федерал округ суди судяси Кэмерон Макгоуэн Карри Америка Қўшма Штатлари Федерал тергов бюроси (ФТБ) собиқ директори Жеймс Коми ва Ню-Йорк бош прокурори Летиция Жеймсга қарши қўйилган айбловларни кўриб чиқишдан воз кечди. Карри Коми ва Жеймснинг АҚШ Адлия вазирлигининг Виржиния штати Шарқий округи бўйича вақтинчалик прокурори Линдси Хэллиган уларга айблов қўйиш ваколатига эга эмас, чунки у лавозимга ноқонуний тайинланган, деган баёнотига қўшилди ва Хэллиган бундай айблов қўйиш учун ҳуқуқий ваколатга эга бўлмаган, деган қарор чиқарди. Кэмерон Макгоуэн Каррининг қарори матни душанба, 24 ноябр куни суднинг электрон базасига жойлаштирилди.

2025 йил сентябр ойида Виржиния штати прокуратураси Жеймс Комига ёлғон кўрсатма бериш ва одил судловга тўсқинлик қилиш бўйича айблов қўйган эди. Прокурорлар версиясига кўра, 2020 йилда Жеймс Коми АҚШ Сенати суд қўмитаси йиғилишида Доналд Трампнинг сайловолди штаби ва Россия ўртасидаги эҳтимолий алоқалар бўйича ФТБ текшируви ҳақида ёлғон кўрсатма берган.

Октябр ойида худди шу штатда Трампни очиқ танқид қилиб келган Летиция Жеймсга нисбатан ҳам айблов қўйилди. Ҳам Жеймс, ҳам Коми ўзларини айбсиз, деб ҳисоблайди ва уларга қўйилган айбловларни Трамп томонидан сиёсий қасос, деб атаб келаётган эди.

Жанубий Каролинадан бўлган судя Каррининг қарори ҳали якуний эмас: Коми ва Жеймсга қарши айбловлар ишга «зарар етказмаган ҳолда» рад этилди, яъни бу АҚШ Адлия вазирлигининг бошқа прокурорлари келажакда худди шу мазмундаги даъволарни қайтадан киритиши мумкинлигини англатади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид