Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ростов вилоятига тунги ҳужум: уч киши ҳалок бўлди, камида ўн киши яраланди
Ростов яқинида Украина Қуролли кучлари ҳужуми оқибатида уч киши ҳалок бўлди, яна камида 10 киши яраланди, деб хабар қилмоқда маҳаллий ҳокимият. OSINT-таҳлилчилар ракета ташувчи самолётларга техник хизмат кўрсатиладиган ангарга зарба берилгани, у ерда Ту-95МС бўлган бўлиши мумкинлигини ёзмоқда.
Фото: ТАСС
Таганрог, Бессергеневка ва Ростов вилоятининг Неклинов туманида ҳаво ҳужуми пайтида уч киши ҳалок бўлган ва камида ўн киши яралангани ҳақида Ростов вилояти губернатори Юрий Слюсар душанбага ўтар кечаси, 25 ноябрда хабар берди. У ҳужум қайси турдаги қурол билан амалга оширилганини аниқлаштирмади.
Ўз навбатида, Таганрог мэри Светлана Камбулова ўз каналида ёзишича, «тунги ҳаво ҳужуми» натижасида иккита кўп қаватли ва битта хусусий уй, коллеж биноси, иккита саноат корхонаси ва битта болалар боғчаси зарар кўрган.
Украинанинг Exilenova+ мониторинг лойиҳаси маълумотларига кўра, Таганрогдаги Бериев номидаги илмий-техник марказга қилинган ҳужум пайтида ракета ташувчи ҳарбий самолётлар — Украинага бомба зарбаларида қўлланаётган Х-101 ракеталарини олиб юрувчи Ту-95МСМ самолётларига техник хизмат кўрсатиладиган ангар нишонга олинган. Лойиҳа канали зарбадан кейин ангар ичидаги ёнғин тасвирланган видеони ҳам эълон қилди. Дастлабки маълумотларга кўра, зарба вақтида у ерда стратегик бомбардимончи самолёт бўлган бўлиши мумкин.
Astra нашри OSINT-таҳлилига кўра, ёнғин Бериев номидаги авиасаноат корхонаси ёнидаги учиш-қўниш йўлагида келиб чиққан. Нашр қўшимча қилишича, ушбу корхона 2025 йил июл, шунингдек 2024 йил декабр ва март ойларида ҳам ҳужумга учраган. «Око Гора» OSINT-канали маълумотларига кўра, маҳаллий аэродром ҳудудидаги самолётлардан бири ёнган. Украин манбалари бу А-60 бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Ҳозирча бу маълумотлар расман тасдиқланмаган.
Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли тажовузи бошланганидан бери Краснодар ўлкасига қилинган энг узоқ ва энг кучли ҳужумлардан бири ҳақида ҳам маҳаллий ҳокимият хабар берди. «Ўлкамизнинг олти нафар фуқароси яраланди, бешта муниципалитетда камида 20 та уй зарар кўрди», — деб ёзди ўлка губернатори Вениамин Кондратев ўзининг Telegram-каналида. Унинг сўзларига кўра, Краснодарда уйлар ва офис биноси, Туапседа кўп қаватли уй, Новороссийскда еттита кўп қаватли ва камида еттита хусусий уй, Геленжикда эса хусусий иншоотлар зарарланган. Бир киши яралангани хабар қилинмоқда.
Краснодар ўлкаси оператив штабига кўра, Новороссийскда дрон парчалари яна бир кўп қаватли уйга тушган, натижада 11- ва 12-қаватдаги учта квартира зарар кўрган. Дастлабки маълумотларга кўра, у ерда ҳалок бўлганлар йўқ. Astra маълумотига кўра, Новороссийскда дрон ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинларининг бир неча С-300/С-400 ЗРК қурилмалари ва «Панцирь-С1» ЗРК жойлашган ҳарбий қисмдан 700 метр нарида жойлашган кўп қаватли уйга урилган. Украина Қуролли Кучлари 14 ноябр куни бу ҳарбий қисмга ҳам ҳужум қилган эди.
Exilenova+ канали маълумотига қараганда, уйга тўғри келган зарба Россия ҳаво мудофаа тизими ракетаcи сабабли юз берган. «Новороссийск, Краснодар ўлкаси: Россия ҲҲМ яхши суръатга чиқди ва фуқаролар уйига зарба беряпти», — дейилади хабарда.
Парвозлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Краснодар, Геленжик ва Сочи аэропортларида самолётларни қабул қилиш ва учиришга вақтинча чекловлар жорий этилди.
Россия Мудофаа вазирлиги ва Украина Қуролли Кучлари Бош штаби мазкур ҳодисалар юзасидан хабар эълон қилинган пайтга қадар изоҳ бермаган.
Мавзуга оид
13:45
Кипр: Украина ЕИ Кенгашига раислик даврида устувор йўналиш бўлади
09:21
ОАВ: Лондон Украинага РФнинг 9 млрд евролик активларини топширишга тайёр
23:21 / 04.12.2025
Украина аҳолиси 42 миллиондан 36 миллионгача камайди – ОАВ
23:00 / 04.12.2025