Президентнинг “Судялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ҳужжат билан судяларни тайинлаш (сайлаш)га оид амалдаги тартибга бироз ўзгатиришлар киритилмоқда.
Фармон билан қуйидагилар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлигини оширишнинг устувор мақсадлари этиб белгиланмоқда:
- судялар ҳамжамияти органлари фаолиятида судяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини ва суд мустақиллигига оид илғор халқаро стандартлар кенг жорий этилишини таъминлаш;
- судялар корпусини шакллантириш тартибини такомиллаштириш, ушбу жараёнда судялар ҳамжамияти органлари ролини ошириш ва уларнинг масъулият доирасини аниқ белгилаш;
- судялар ҳамжамияти органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш, судьяликка номзодларни танлашнинг шаффоф тартибини жорий этиш;
- суд тизимида аёл судялар улушини камида 30 фоизга етказиш орқали тизимда гендер тенгликни таъминлаш.
Фармонга кўра, судяларни навбатдаги ўн йиллик муддатга тайинлаш (сайлаш) тартиби бекор қилиниб, судялик лавозимларига номзодларни дастлаб беш йил муддатга, кейинчалик муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш) тартибини белгиланади. Туманлараро, туман, шаҳар судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари лавозимларига номзодларни аниқ мезонларга кўра судялар орасида очиқ танлов асосида танлаш тартиби ўрнатилади. Шунингдек, судянинг касбий фаолиятини баҳолашда “ҳалоллик”, “касбий лаёқатлилик” ва “одоб қоидаларига риоя этиш” талабларининг аниқ мезонлари қонун даражасида белгиланади.
Судялар олий кенгашининг доимий асосда фаолият юритувчи судялари лавозимига номзодлар тегишли суд судялари малака ҳайъатлари томонидан тавсия этилиши белгиланмоқда. Бунда кенгашнинг доимий асосда фаолият юритувчи судялари лавозимига, қоида тариқасида, судя сифатида камида 7 йил ишлаган судьялар номзоди кўрсатилиши мумкин.
Фармонга кўра, Судялар олий кенгашининг судялик лавозимларига номзодлар бўйича хулосалар қуйидаги судялар ҳамжамияти органлари томонидан тақдим этилишини назарда тутувчи тартиб қонунчиликка киритилади:
- судялар малака ҳайъатлари – ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларининг судялари, ҳудудий ҳарбий судларнинг, туманлараро, туман, шаҳар судларининг раислари, раис ўринбосарлари ва судялари лавозимларига номзодлар бўйича;







