Полша бош вазири Доналд Туск Германия ҳукуматини иккинчи жаҳон уруши давридаги немис оккупацияси жабрланувчилари бўлган, ҳали тирик поляк фуқароларига тез орада компенсация тўлашга чақирди.

«Агар ростдан ҳам бу ишни қилишни хоҳласангиз, шундай жасорат кўрсатмоқчи бўлсангиз, шошилинг», — деди у душанба куни, 1 декабрда, Берлинда бўлиб ўтган Германия–Полша ҳукуматлараро маслаҳатлашувларидан кейин Германия канцлери Фридрих Мерц билан қўшма матбуот анжуманида.

Тускнинг эслашича, Полшада нацистлардан жабр кўрган тирик фуқаролар сони кундан кунга камайиб бормоқда. 2024 йил июн ойида, Мерцдан аввалги канцлер Олаф Шолц полякларга тўловлар бўлишини ваъда қилган пайтда, Полшада немис оккупацияси жабрланувчиларидан тахминан 60 минг киши тирик эди, ҳозир эса улар сони фақат 50 минг атрофида қолган. Туск агар Германия яқин вақт ичида компенсацияларга оид аниқ баёнот бермаса, Полша ушбу тўловларни ўз маблағлари ҳисобидан қоплаш ҳақида қарор қабул қилиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Мерц ўз навбатида бу масала бўйича аниқ ваъда беришдан тийилди, бироқ унинг ҳукумати Полшага нисбатан «тарихий жавобгарлигини жуда яхши англашини» ва музокараларни давом эттираётганини таъкидлади. «Ўтмиш ҳеч қачон тугамайди», — деди у. Бироқ «Германия нуқтаи назаридан репарациялар масаласи жуда кўп йиллар аввал ҳам юридик, ҳам сиёсий жиҳатдан ҳал қилинган», дея қўшимча қилди немис канцлери.

Туск унга қаршилик билдириб, Берлин 1950-йилларда қабул қилинган компенсацияларга оид расмий дипломатик актга амал қилаётгани ҳақидаги позициядан хабардор эканини айтди. Шу билан бирга, 1953 йилда Полша коммунистик раҳбарияти томонидан қабул қилинган репарациялардан воз кечиш қарори «поляк халқи манфаатига мос келмаганини», чунки ўша пайтда «поляк халқининг овоз бериш ҳуқуқи бўлмаганини» таъкидлади. Шунинг учун Полшада «истисносиз ҳамма» мамлакат иккинчи жаҳон уруши давридаги талафот ва жиноятлар учун ҳеч қандай товон олмаган, деган фикрда, дея қўшимча қилди Туск.

Шунингдек, Германия–Полша маслаҳатлашувлари мудофаа, иқтисодиёт ва инфратузилма соҳаларида муносабатларни чуқурлаштиришга қаратилди. Туск учрашув натижаларини «тарихий ўзгаришлар» деб атади ва айниқса «Европанинг шарқий чегарасини ҳимоя қилишдаги кенг қамровли поляк–немис ҳамкорлиги»ни алоҳида таъкидлади. Мерц эса Германия ва Полша «алмаштириб бўлмайдиган қўшни ва шериклар» эканини билдирди.

2026 йилда томонлар қатор соҳалар бўйича аниқ лойиҳаларни белгилаб берадиган битимни имзолашни режалаштирмоқда. У Германия–Полша Яхши қўшничилик ва дўстлик ҳақидаги шартнома имзоланганига 35 йил тўлиши муносабати билан тайёрланади.