Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева сешанба куни кечқурун Тошкентда экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар бўйича махсус комиссия йиғилишини ўтказди. Бу ҳақда комиссия телеграм-канали хабар берди.
Кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов ва Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари маъруза қилган.
«Юртимиздаги ҳаво билан боғлиқ ҳолат шахсан давлатимиз раҳбарининг доимий назорати остида бўлиб турибди. Доимий кузатув ва илмий таҳлиллар олиб борилмоқда, маҳаллий мутахассислар ҳамда хорижлик экспертлар ҳам жалб қилинган, ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ муаммони бартараф этишга барча сай-ҳаракатлар сафарбар қилинган», – дейилади хабарда.
Саида Мирзиёева Махсус комиссия аъзолари олдига аниқ вазифаларни қўйди: ҳозир қабул қилинаётган чора-тадбирлар аниқ муддатларга эга бўлиши ва улар тизимли бўлиши, келгуси йилда бундай ҳолат такрорланмаслиги кераклиги таъкидланган.
Йиғилипшда йирик яшил ҳудудлар ва боғлар ташкил қилиш, табиий сув ҳавзалари атрофини ободонлаштириш, сунъий кўллар қуриш ҳақида сўз борган.
«Таклиф этилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар мажмуаси кўриб чиқилган: яшил ўсимликларни экиш турлари ва жойлари, ариқлар тизимини қайта тиклаш, иссиқхоналар ва саноат корхоналари чиқиндиларининг олдини олиш ва ҳаво билан боғлиқ вазиятни яхшилаш бўйича бошқа кечиктириб бўлмайдиган ҳаракатлар», – дея ёзади йиғилишни ёритаётган блогер Никита Макаренко.

Президент администрацияси раҳбари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшил майдонларни сақлаш ва кўпайтириш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаган.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимларидан бу борада амалга оширилаётган ишлар бўйича мунтазам ҳисобот бериб бориш талаб қилинган.
«Президентимиз мендан ҳар куни бу масала бўйича ҳисобот сўраяптилар. Халқимизнинг саломатлиги билан боғлиқ масала бўлган жойда ҳеч биримизнинг сусткашликка йўл қўйишга ҳаққимиз йўқ», – деган Саида Шавкатовна.
















