Россиянинг соядаги флоти Қора денгизда ҳужумга учраши ортидан, Владимир Путин яна Украинани “денгиздан узиб қўйиш” билан таҳдид қилди. “Шунда умуман қароқчилик билан шуғуллана олишмайди”, деди у. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар Қора денгиз фронтини муҳокама қилишди.
— Россия Украинани Қора денгиздан узиб қўйиш салоҳиятига эгами?
Абдували Сойибназаров: Россия маълум ҳарбий ва стратегик имкониятларга эга бўлса-да, Украинани тўлиқ равишда Қора денгиздан узиб қўйиш ҳозирча имкониятлари доирасидан ташқарида. Бу ниҳоятда мураккаб вазифа. Бироқ Россия Украинани Азов денгизидан узишга эришди. 2022 йил феврал ойидаги босқин ортидан Россия Запороже ва Херсон вилоятларининг бир қатор жанубий ҳудудларини эгаллаб олди, шунингдек Бердянск ва Мариуполни қўлга киритди. Бу шаҳарларда жойлашган портлар Украина учун Азов денгизига чиқадиган асосий йўллар бўлиб, Россия уларни назоратига олиб, Украинани Азов денгизига чиқиш имконидан маҳрум қилди. Бу Россиянинг муҳим ютуқларидан биридир.
Бундан ташқари, Қрим ҳам стратегик аҳамиятга эга. Россия 2014 йилда Қримни босиб олганидан сўнг, Қора денгиз қирғоқларида йирик ҳудудларни назорат қила бошлади. Ҳозир эса Россиянинг навбатдаги асосий стратегик мақсадларидан бири – Одесса ва Николаевни қўлга киритиш. Бу ҳудудлар ниҳоятда муҳим стратегик аҳамиятга эга. Агар Россия бунга эришса, Украина деярли “қуруқлик давлати”га айланиб қолади.
Россия аввалроқ Николаев орқали Одессани эгаллашга уринган, бироқ кучли қаршиликка дуч келиб, оғир йўқотишларга учради. Шундан сўнг Россиянинг бу икки шаҳарга бостириб кириш бўйича ҳаракатлари муваффақиятсиз бўлди. Бу эса Украина мудофааси бу йўналишларда мустаҳкам эканини кўрсатади.
Ҳозирча Россиянинг қуруқликдан Одессага бориш имконияти йўқ. Қора денгиз флотига сезиларли зарар етказилган бўлса-да, Россия ҳануз Қора денгизда Украина атрофини қисман қуршаб олиш имкониятига эга. Аммо мавжуд шароитда Одесса ва Николаевни қўлга киритиши эҳтимолдан йироқ. Бундан ташқари, Жанубий Буг дарёси ҳудудидаги сув тўсиқлари ҳам Россиянинг ҳаракатланишини чеклайди.
Хулоса қилиб айтганда, Россия денгиздан туриб блокадани қисман амалга ошириши мумкин, аммо Одесса ва Николаевни эгаллаш ҳозирги пайтда жуда қийин. Бу эса Украина учун стратегик жиҳатдан ниҳоятда муҳим, чунки мамлакатнинг асосий экспорти ва импорти айнан шу портлар орқали амалга оширилади. Шу боис Украина бу йўналишларда таслим бўлиши эҳтимолдан йироқ.














