Жаҳон | 15:45 / 10.12.2025
1535
3 дақиқада ўқилади

Германияда жосуслик ва диверсия ҳолатлари бўйича рекорд қайд этилди

Германия ҳарбий контрразведка хизмати (MAD)нинг 2024 йилги йиллик ҳисоботига кўра, ГФР ҳудудида турли хил инцидентлар бўйича рекорд даражада кўп ҳолатлар қайд этилган. Хизмат раҳбари асосий иштирокчилар сифатида Россия ва Хитойни атади.

Фото: Unsplash

Германия ҳарбий контрразведка хизмати MAD мамлакатда чет эл давлатлари томонидан амалга оширилаётган жосуслик ва диверсия ҳолатлари бўйича рекорд кўрсаткичларни қайд этди. «Жосусликни ҳанузгача эҳтимолий ҳарбий можароларга тайёргарлик сифатида кўриш лозим», — деб ёзади махсус хизмат раҳбари Мартина Розенберг сешанба, 9 декабр куни эълон қилинган ҳисоботда.

Ҳужжатга кўра, хусусан, Германия армияси сони ҳақидаги маълумотлар, мамлакатдаги қурол-яроғ тизимлари, бошқарув ва қўмондонлик тузилмалари, шунингдек қўшинларни жойлаштириш тўғрисидаги қарорларга оид маълумотларни қўлга киритиш уринишлари кўпайган. Умуман ҳисоботда Россия ва Хитой бундесверга қарши қаратилган разведка ҳужумларининг асосий иштирокчилари сифатида баҳоланади.

Бундан ташқари, ҳисоботда 2024 йилда иккинчи йил қаторaсига умумий экстремизмда гумон қилинаётган шахслар сони ўсишда давом этгани қайд этилган, жумладан армияда ўнг экстремизм ҳолатлари кўпайгани айтилган. Ўтган йил давомида кўриб чиқилаётган янги ишлар сони 2023 йилдаги 483 тадан 524 тага (302 та профилактика операцияси ва 222 та текширув операцияси)ча ошган. Уларнинг ичида ўнг экстремизм бўйича 413 та янги иш (216 та профилактика ва 197 та текширув) рўйхатга олинган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 34 фоизга кўпдир.

Россия махсус хизматлари томонидан ГФР ҳудудида жосуслик ҳаракатлари уринишларининг сезиларли ошгани ҳақида MAD раҳбари Мартина Розенберг 21 июл куни dpa агентлигига берган интервюсида гапирган эди. «Биз жосуслик ва гибрид чоралар ҳолатининг кескин кўпайиши ҳақида гапиряпмиз. Ёндашув анча кўламли ва тажовузкор тус олди», — деб таъкидлаган у. «Улар совуқ уруш давридан маълум бўлган усуллардан фойдаланмоқда ва ўз инструментларини кенгайтирмоқда», — деди у қўшимча қилиб.

Гап, жумладан, Германиядаги ҳарбий объектлар ва инфратузилмада жосуслик уринишлари, таъминот йўлларига қаратилган диверсиялар, дезинформация, киберҳужумлар ва радиоэлектрон кураш воситаларидан ҳимояланган учувчисиз қурилмалар (дронлар) парвозлари ҳақида кетмоқда, деб аниқлик киритган Розенберг. Унинг таъкидлашича, ўтган йил давомида аниқланган ҳолатлар сони деярли икки бараварга ошган. Унинг маълумотларига кўра, Россия агентлари ҳанузгача Германияга учинчи мамлакатлар орқали кириб келмоқда: «Улар муносабатлар ўрнатишга, ишонч учун асос яратишга уринади. Шунингдек, Россия илдизларига эга шахслар, этник немис репатриантлар ёки РФ билан алоқаси бор кишилар ҳам объектга айланиши хавфи мавжуд».

MAD қуролли кучларни ҳимоя қилиш, жосуслик ва диверсияга қарши курашиш, экстремизмга қарши чоралар кўриш, шунингдек ҳарбийлар ва фуқаро хизматчилари хавфсизлигини текшириш учун жавобгардир. Бу махсус хизмат мамлакат Мудофаа вазирлигига бўйсунади, унинг бош идораси Кёлн шаҳрида жойлашган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид