Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Янгиланган прогноз: Ўзбекистон иқтисодиёти 7,5 фоизга ўсиши мумкин
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2025 йил учун Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиш прогнозини янгилаб, жорий йилда ЯИМ 7,5 фоизгача ўсиши мумкинлигини маълум қилди. Бу кўрсаткич марказнинг июн ойидаги баҳосидан 0,8 фоиз бандга юқори бўлиб, мамлакатда иқтисодий фаоллик кутилганидан яхшироқ кечаётганини англатади.
Фото: REUTERS
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) 2025 йил учун Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиш прогнозини оширди, деб хабар бермоқда “Дунё”.
Марказ маълумотларига кўра, жорий йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 7,5 фоизга ўсиши кутилмоқда. Янгиланган баҳога мувофиқ, ИТИМнинг июн ойида эълон қилган аввалги прогнозига нисбатан ўсиш суръати 0,8 фоиз бандга юқорилаган.
Мавжуд макроиқтисодий кўрсаткичлар таҳлилига таянган ҳолда, Марказнинг интеграциялашган модели 2025 йилда ЯИМнинг 7,5 фоиз даражасида ўсишини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, прогноз коридори 7,3–7,7 фоиз оралиғида белгиланган.
ИТИМ мутахассислари хулқ-атвор иқтисодиёти омилларини ҳам инобатга олган. Хусусан, Google қидирувлари статистикаси орқали аҳоли ва бизнес фаоллиги индикаторлари ўрганилган.
Жорий йил январ–октябр ойларида “автотранспорт воситалари” категорияси бўйича онлайн сўровлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3 фоизга, “бизнес ва саноат” бўйича 5,9 фоизга, “харидлар” йўналишида 8,1 фоизга, “молия” категориясида эса 9,5 фоизга ошгани кузатилган. Мутахассислар бу динамикани истеъмол ва инвестиция фаоллигининг ўсиши, молиявий қарорлар қабул қилиш жараёнларининг жадаллашуви билан изоҳламоқда.
Маълум қилинишича, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Швейцариянинг KOF иқтисодий институти билан ҳамкорликда Ўзбекистон учун реал вақтда макроиқтисодий таҳлил моделини ишлаб чиққан. Лойиҳа Жаҳон банки ва Инновацион ривожланиш агентлиги кўмагида MUNIS дастури доирасида амалга оширилган.
ИТИМнинг янгиланган прогнозига кўра, иқтисодий ислоҳотлар, инвестиция муҳитини яхшилаш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва хусусий сектор фаоллигини қўллаб-қувватлаш ҳисобидан Ўзбекистон иқтисодиётида барқарор ва юқори ўсиш суръатлари сақланиб қолиши мумкин.
Мавзуга оид
18:30 / 30.11.2025
Орол денгизининг қуриган тубида илмий-тадқиқот станцияси иш бошлади
20:08 / 22.11.2025
Кейинги 3 йилда доллар курси қандай бўлади? S&P прогнози
07:16 / 20.11.2025
Инсон фаолияти туфайли Ернинг айланиш ўқи 80 смга силжигани аниқланди
18:15 / 17.11.2025