Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хоразмда “Ўзбекистон–Покистон саноат зонаси” ташкил этилади
Карачи шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон–Покистон бизнес-форуми доирасида Хоразм вилоятида “Ўзбекистон–Покистон саноат зонаси”ни ташкил этиш, шунингдек икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган қатор келишув ва меморандумлар имзоланди.
Мамлакатнинг Исломободдаги элчихонаси томонидан Карачи шаҳрида Ўзбекистон–Покистон бизнес-форуми ташкил этилди. Тадбирда икки давлат ишбилармон доиралари, савдо-саноат тузилмалари ва расмийлар иштирок этди.
Бизнес-форумни Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев очиб, президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, солиқ ва божхона тизимини либераллаштириш, мамлакатнинг илмий-интеллектуал, хомашё ва иқтисодий салоҳияти, шунингдек энергетика, нефт-кимё, АКТ, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари, банк-молия ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик имкониятлари ҳақида маълумот берди.
Элчи нутқида ҳар икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги дўстона муносабатлар ва уларнинг сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон–Покистон муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилгани таъкидланди. Олий даражада қабул қилинган келишувларни амалга ошириш учун ҳукуматларга аниқ топшириқлар берилгани, тадбиркорлар учун эса эркин фаолият юритишга қаратилган қулай шарт-шароитлар яратилгани қайд этилди.
Тадбир қатнашчиларига Ўзбекистонда бизнесни йўлга қўйиш, хорижий инвесторлар учун яратилган имтиёз ва кафолатлар, тўқимачилик, фармацевтика, туризм, қурилиш соҳаларидаги инфратузилма лойиҳалари бўйича тақдимот ўтказилди. Покистонлик тадбиркорларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди.
Мамлакатнинг Синд ва Панжоб вилоятларидаги фахрий консуллари Ҳамид Маҳмуд ва Нажиб Воҳра Ўзбекистондаги фаолиятлари, қўшма лойиҳалар борасида тўпланган тажрибалари билан ўртоқлашди. Сўзга чиққанлар маҳсулотлар ва тадбиркорларнинг икки давлат бозорларига ўзаро кириб боришини кенгайтириш, электрон тижорат платформалари орқали савдо қилиш механизмларини йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлади.
Иқтисодий тадбир доирасида Карачи Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда 2026 йил феврал ойида Карачидаги йирик савдо ва саноат компаниялари делегациясининг Ўзбекистонга бизнес-миссиясини ташкил этиш ва унинг доирасида яна бир бизнес-форум ўтказиш юзасидан келишувга эришилди.
Шунингдек, Коранги саноат ва савдо уюшмаси билан ҳамкорликда Хоразм вилоятида “Ўзбекистон–Покистон саноат зонаси”ни барпо этиш бўйича келишувлар имзоланди.
Бизнес-форум дастури доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида B2B форматда учрашувлар ўтказилиб, улар натижасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтиришга доир йигирмадан ортиқ меморандумлар имзоланди.
Мавзуга оид
08:45 / 23.06.2026
Фарғона ва Хоразмда наркотик моддалар қўлга олинди
11:40 / 08.06.2026
Тошкент ва Хоразмда йирик гиёҳвандлик савдосига чек қўйилди
09:23 / 28.04.2026
«Урганч-1» сув кўтарувчи насос станцияси янгиланади – Саида Мирзиёева
21:46 / 27.04.2026