Жаҳон | 14:41
1351
4 дақиқада ўқилади

Украина: Каспийда Россиянинг қурол ташиган икки кемасига ҳужум қилинди

Каспий денгизида Қалмиқистон соҳиллари яқинида украин ҳарбийлари қурол ва ҳарбий техникани ташиган Россиянинг икки кемасини нишонга олганини УҚК Махсус операциялар кучлари маълум қилди.

Фото: УҚК Махсус операциялар кучлари

Россиянинг “Композитор Рахманинов” ва “Аскар-Сариджа” кемалари — ҳарбий мақсадларда фойдаланиладиган ва Эрон билан Россия ўртасида ҳарбий юкларни ташишда иштирок этгани сабаб АҚШ санкциялари остида турган кемаларга Украина Қуролли кучлари бўлинмаси томонидан “Черная Искра” исёнчи ҳаракати билан ҳамкорликда зарба берилди. Бу ҳақда жума куни, 12 декабрда УҚК Махсус операциялар кучларининг Telegram-канали хабар қилди.

Хабарда айтилишича, ҳужум Каспий денгизи акваториясида, Қалмиқистон Республикаси соҳиллари яқинида, кемалар Украинага қарши урушда қўлланадиган қурол-яроғ ва ҳарбий техникани ташаётган вақтда содир этилган. “Исёнчи ҳаракат вакиллари зарба берилган кемаларнинг йўналиши ва юки ҳақида батафсил маълумот тақдим этди”, — дея аниқлик киритган УҚК.

Ҳужум оқибатлари ҳақида ҳеч нарса маълум қилинмаган. Россия ҳокимияти ва РФ Мудофаа вазирлиги Каспий денгизидаги кемаларга зарба берилгани ҳақидаги баёнотни изоҳламаган. “Махсус операциялар кучлари Россия армиясининг ҳужумкор салоҳиятини сусайтириш мақсадида асимметрик ҳаракатларни қўллашда давом этмоқда”, — деб таъкидлади украин ҳарбийлари матбуот баёнотида.

DW билан суҳбатда Украина махсус хизматидаги манба бир кун олдин хабар қилганидек, Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ)нинг “Альфа” махсус операциялар марказига тегишли узоқ масофали дронлар Каспий денгизидаги Филановский номи берилган нефт қазиб олиш платформасини нишонга олган. Платформа “Лукойл-Нижневолжскнефть” компаниясига қарашли бўлиб, ҳужум натижасида унинг иши тўхтатилган. Конинг захираси 129 млн тонна нефт ва 30 млрд куб метр газ экани қайд этилган.

DW манбасига кўра, бу — Украина томонидан Каспий денгизида Россиянинг нефт қазиб олиш билан боғлиқ инфратузилмаси биринчи марта нишонга олиниши. “Денгиз платформасига камида тўртта зарба берилган. Ҳужум оқибатида у хизмат кўрсатадиган 20 дан ортиқ қудуқдан нефт ва газ қазиб олиш тўхтади”, — дейди СБУдаги манба ва шундай қўшимча қилди: РФда “урушга хизмат қилаётган” барча корхоналар қаерда бўлишидан қатъи назар “қонуний нишон” ҳисобланади.

28 ноябр куни кечқурун СБУнинг Sea Baby денгиз дронлари Россиянинг “соя флоти”га мансуб Kairos ва Virat танкерларига ҳужум қилди. Улар Туркия соҳиллари яқинида Қора денгизда бўлган, ҳужум эса танкерлар юксиз ҳолда Новороссийскка йўл олган пайтда содир бўлган. Икки кема ҳам Гамбия байроғи остида ҳаракатланган ва Ғарб давлатлари санкциялари остида. Аввалроқ ҳужумга учраган Kairos Болгария соҳиллари яқинида ҳалокатга учраётгани ҳақида 5 декабр куни маҳаллий ОАВ хабар берган.

2 декабр куни эрталаб Қора денгизда Россиянинг яна бир танкерига ҳужум қилинган. Туркия Денгиз ишлари бўйича бош бошқармаси Х ижтимоий тармоғида хабар қилишича, Гуржистонга кетаётган Midvolga 2 кемаси мамлакат соҳилидан тахминан 120 км масофада ҳужумга учраган.

DW’нинг СБУдаги манбаси 10 декабр куни маълум қилишича, Комор ороллари байроғи остида ҳаракатланувчи, Россиянинг “соя флоти” таркибига кирувчи Dashan нефт танкери Қора денгизда Sea Baby дронлари ҳужуми натижасида жиддий шикаст олган ва дастлабки маълумотларга кўра, фойдаланишдан чиқарилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид