Жидда – Тошкент 9S-3306 рейси парвоз вақтида бортда шошилинч тиббий ҳолат қайд этилгани туфайли Баҳрайн аэропортига фавқулодда қўнишни амалга оширди.
Маълум қилинишича, парвоз давомида ёши катта аёл йўловчининг юраги тўхтаб қолган. Экипаж — ҳаво кемаси командири Дегтев Роман Олегович ва иккинчи учувчи Смирнов Егор Денисович тезкор қарор қабул қилиб, тиббий ёрдам кўрсатиш учун энг яқин аэропортга қўнишни амалга оширган. Самолётга шифокорлар бригадаси чақирилган.
Қўнишга қадар борткузатувчилар экипажи бригадир Светлана Болконская раҳбарлигида йўловчига зарур ёрдам кўрсатган. Кейинчалик ерда маҳаллий шифокорлар реанимацион тадбирларни ўтказиб, йўловчининг аҳволини барқарорлаштиришга эришган. Шундан сўнг у даволаниш учун маҳаллий клиникага олиб кетилган.
Рейс ёнилғи қуйиб олгандан кейин парвозни Тошкентга тахминан 2 соат кечикиш билан давом эттирган ва маҳаллий вақт билан соат 09:49 да омон-эсон қўнган.







