АҚШ президенти Доналд Трамп Сурияда жангари ҳужуми натижасида икки нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлганига жавобан "жуда жиддий жавоб чоралари" кўрилишини айтди.

Аввалроқ Палмира шаҳри яқинидаги АҚШ ҳарбий базасига қилинган ҳужум оқибатида икки нафар аскар ва бир таржимон ҳалок бўлган, яна уч нафар ҳарбий жароҳатланганди.

"Биз икки аскар ва бир таржимоннинг ўлимидан қайғудамиз. Шунингдек, уч нафар яраланган аскарнинг соғайиши учун дуо қиламиз", - деб ёзди Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида.

Трампнинг сўзларига кўра, у Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа билан мулоқотда бўлиб турибди.

"Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръа ушбу ҳужумдан ғазаб ва хавотирда. Жавоб чоралари жуда жиддий бўлади", - деди Трамп.

АҚШ марказий қўмондонлигининг хабарига кўра, ҳужум қилган жангари воқеа жойида отиб ўлдирилган.