20 декабр куни Токиода Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Япония бош вазири Санаэ Такаичи музокаралари бўлиб ўтди.

Япония бош вазири президент Шавкат Мирзиёевнинг ташрифини ҳар доимгидек юксак ишонч ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган Ўзбекистон – Япония муносабатлари тарихидаги муҳим воқеа деб атади.

Дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён ўтган 33 йил давомида Япония Ўзбекистоннинг яқин дўсти, асосий технологик ва инвестициявий шериги бўлиб, республикада замонавий саноат ва энергетика инфратузилмасини яратиш ҳамда инсон ресурсларини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

Товар айирбошлаш, инвестициялар ҳажми ва Япония сармояси иштирокидаги қўшма корхоналар сонининг барқарор ўсаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Энергетика, геология, туризм, инфратузилмани ривожлантириш, АТ ва бошқа устувор соҳаларда муҳим лойиҳаларни амалга ошириб келаётган “Sojitz”, “Toyota Tsusho”, “Sumitomo”, “Itochu”, “Kyoto Plaza”, “Balcom”, “Shikoku Electric” каби етакчи япон компаниялари Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) билан қўшма лойиҳалар портфели энергетика, нефт-кимё, транспорт, таълим ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларни қамраб олган.

Музокараларда парламентлардаги “дўстлик гуруҳлари”, иқтисодий ҳамкорлик қўмиталари, устувор йўналишлар бўйича тармоқ учрашувлари ва бошқа ҳамкорлик шаклларини фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон президенти Япония билан стратегик шерикликни ривожлантиришнинг бир қатор асосий йўналишларини қайд этди: “яшил” энергетика ва саноатда углерод чиқаришни камайтириш, ахборот технологиялари, ўта муҳим минераллар, машинасозлик соҳасидаги ҳамкорлик, соғлиқни сақлаш ва туризм инфратузилмасини модернизация қилиш шулар жумласидан.

Мазкур саммитга тайёргарлик доирасида қиймати 12 миллиард доллардан ортиқ бўлган кооперация лойиҳаларининг янги портфели шакллантирилгани мамнуният билан қайд этилди. Ушбу лойиҳаларни илгари суриш учун қўшма инвестиция платформасини яратиш таклиф қилинди.

Бундан ташқари, Самарқанд вилоятида Япония модели ва стандартларига асосланган махсус иқтисодий зонани барпо этиш режалари эълон қилинди.