Жаҳон | 13:49
1067
4 дақиқада ўқилади

Гарри Каспаров Россия суди томонидан яна сиртдан ҳибсга олинди

Гарри Каспаров РФда “терроризмни оқлаш” иши бўйича сиртдан ҳибсга олинди. Мазкур модда 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этишни назарда тутади. Каспаров хорижда яшайди, Россияга 10 йилдан ортиқ вақтдан бери келмаган.

Фото: Peter Klaunzer / EPA / ТАСС

Москва шаҳри Замоскворецкий туман суди хориждаги Россия мухолифати вакилларидан бири, шахмат бўйича собиқ жаҳон чемпиони Гарри Каспаровни “ахборот-телекоммуникация тармоқларидан, жумладан интернетдан фойдаланган ҳолда терроризмни омма олдида оқлаш” айблови билан сиртдан ҳибсга олди. Бу ҳақда суд қароридан иқтибос келтирган ҳолда 23 декабр, сешанба куни Россия давлат агентлиги ТАСС хабар берди.

“Суд Каспаровга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида Россия ҳудудида ушланган ёки Россияга экстрадиция қилинган пайтдан бошлаб икки ойлик муддатга сиртдан ҳибс чорасини танлади”, — дейилади хабарда. РФ ЖКнинг мазкур моддаси 5 йилдан 7 йилгача қамоқ жазосини назарда тутади.

Мухолифатчига қўйилган айблов тафсилотлари ҳозирча маълум эмас, бироқ эҳтимол у Каспаровнинг Украинани қўллаб-қувватлагани билан боғлиқ. Эҳтиёт чораси Каспаров Россияда ушланган ёки мамлакат ҳудудига экстрадиция қилинган пайтдан кучга киради. Собиқ жаҳон чемпиони Россияга 10 йилдан ортиқ вақтдан бери келмаган.

Каспаров расмий шахмат мусобақаларида қатнашмайди, аммо бу спорт турини кузатиб боради ва ёш спортчиларни, жумладан Украинадан бўлганларни ҳам қўллаб-қувватлайди. У АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти ҳаракатларини кескин танқид қилиб, уни Россия билан ҳамкорликда айблайди.

Россия судлари Гарри Каспаровни сиртдан ҳибсга олиш ҳақидаги қарорни иккинчи марта қабул қилмоқда. 2024 йил апрелида Сиктивкардаги суд уни “террористик жамоа тузиш” иши бўйича сиртдан ҳибсга олган эди — гап Каспаров фаол қатнашадиган “Эркин Россия форуми” ҳақида кетган. У 2022 йил май ойида РФ Адлия вазирлиги томонидан “чет эл агентлари” реестрига киритилган.

Россиялик яна бир таниқли мухолифатчи Владимир Кара-Мурза 12 декабр куни кутилмаганда Россия Урушга қарши қўмитаси таркибидан чиққан. У мазкур қўмита ташкил этилган 2022 йил февралдан бери унда аъзо бўлиб келган. “Сиёсий кураш усули сифатида қўполлик ва паст шахсий ҳақоратларни мақбул деб биладиган Гарри Каспаров билан бир ташкилотда қолишни мумкин деб ҳисобламайман”, — деган Кара-Мурза.

Бу воқеадан олдин Париждаги ресторанда улар ўртасида жанжал бўлиб ўтган. Гувоҳлар сўзларига кўра, собиқ жаҳон чемпиони Кара-Мурзани “кам ўтириб чиққанлик”да ва унинг қамоқда бўлгани “пиар-акция” бўлганида айблаган. Кара-Мурза билан Каспаров ўртасида айнан нима бўлганини на сиёсатчиларнинг ўзлари, на қўмита вакиллари тушунтирган.

Жанжалнинг айрим тафсилотларини унинг гувоҳларидан бири — журналист ва “Эркин Бурятия” жамғармаси асосчиси Александра Гармажапова баён қилганини “Медуза” нашри хабар қилади. Унинг айтишича, жанжалдан олдин Михаил Ходорковский уюштирган 11 декабр кунги кечки овқатда мухолифатчилар ЕКПА ҳузурида Россия демократик кучлари платформасини тузишни муҳокама қилган — уни 2026 йил январ охиригача шакллантириш режалаштирилган.

Можаро эса Каспаров Кара-Мурзадан нега Россия бирлашган демократик кучларининг “Берлин декларацияси”ни имзолашдан бош тортаётганини сўраганидан кейин келиб чиққан. Ушбу декларацияда, жумладан, Украинага қарши уруш учун Россиянинг масъулияти қайд этилади ва Қрим Украина ҳудуди сифатида тан олинади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид