Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тергов сабаб Италия бош вазири сотишга берган расмий совғаларини аукциондан қайтариб олди
Италия бош вазири Жоржия Мелони дунё етакчиларидан қабул қилган совғаларини аукционга қўйиб, сотишни режалаганди. Бироқ, аукцион уйи устидан жиноий тергов сабаб бош вазир идораси сотувдан воз кечди. Қимматбаҳо совғалар қиймати 800 минг еврога баҳоланган. Мелонига бу буюм ва тақинчоқлар хорижий давлатларга сафарлари чоғида совға қилинган.
Жоржия Мелони Ўзбекистон президентидан ҳам олган қимматбаҳо совғасини сотувга қўйишга қарор қилганди. Умуман олганда, охирги 1 ҳафтада сиёсатчи Жоржия Мелонининг қимматбаҳо буюмлари аукциони мавзуси нашрлар муҳокамасида. Баъзи медиалар Мелони хоним Ўзбекистон президенти номидан олган маржонни аукционга қўйди, деган сарлавҳали хабарлар эълон қилган. Бироқ, маълум бўлишича, бош вазир нафақат Ўзбекистон, балки бошқа давлат раҳбарларидан ҳам олган қимматбаҳо совғаларини биргаликда сотишга қарор қилган. Бироқ, бу буюмларни савдога чиқаришни бўйнига олган аукцион уйига қарши жиноий тергов сабаб Мелонининг идораси фикридан қайтди.
Италия бош вазири Аргентина президентидан ҳайкалча ҳамда Ўзбекистон президентидан эса қимматбаҳо олмос маржонни қабул қилган, деб ёзади Politico нашри. Хабарнинг давомида келишича, Жоржия Мелони идораси бу каби буюмларини аукционга қўйишга қарор қилган, бироқ аукцион уйига қарши жиноий тергов сабаб савдо тўхтатилган.
Маълум бўлишича, ҳукумат раҳбарининг буюмларини Bertolami fine art аукцион уйи савдога қўйган, бироқ айнан шу ташкилот археологик артефактларнинг ноқонуний савдоси бўйича узоқ вақтдан бери жиноий тергов остида қолмоқда. Италия ОАВнинг хабар беришича, аукцион уйи директори ва компания асосчиси фаолиятини тўхтатиб туришга буюрилган.
Прокурорларнинг таъкидлашича, устаси фаранг ўғрилар археологик буюмларни ўғирлаб, уларни Bertolami каби аукцион уйлари орқали ўтказиб, буюмларни сотишга муваффақ бўлган. Улар санъат бозорига киришга ҳаракат қилишган, бироқ Bertolami бу қонунбузарликларни рад этиб келмоқда.
Жоржия Мелонининг идораси аукцион уйининг жиноий терговидан бехабар бўлганини айтмоқда. Чунки ушбу тергов махфий тарзда ўтказилиб келинган.
Нега Мелони қимматбаҳо совғаларини сотмоқчи?
Италия қонунчилигига мувофиқ, бош вазир хорижий етакчилардан олинган қиймати 300 евродан ортиқ бўлган совғаларни шахсан сақлай олмайди, бу қонунан тақиқланган. Натижада эса бундай буюмларнинг барчаси бош вазир идорасида, хавфсиз хонада сақланади.
Politico нашрининг қўшимча қилишича, Мелони олган совғалар ичида Аргентина президенти Хавер Милей ҳадя қилган арра билан ишловчи ҳайкалча ҳамда Ўзбекистонга ташрифи чоғида президент Шавкат Мирзиёев берган ҳашаматли олмос, олтин ва стринли кварц маржони ўта диққатга сазовордир.
Бош вазир идораси кимошди савдосидан камида 800 минг евро кутган, олинган маблағлар хайрия учун сарфланиши керак эди. Албатта, маълум қисм пул аукцион уйининг ўзига қолдириларди. Айни дам буюмлар идора хавфсиз хонасига қайтарилган.
Яна бир нашрнинг ёзишича, бош вазир идораси шу йилнинг 24 октябрда бу буюмларни айнан Bertolami’да аукционга қўйишга қарор қилган. Археологик артефактларнинг ноқонуний айланмаси бўйича суд қарори эса декабрь ойи бошида чиқарилган.
Бироқ, танқидчилар ҳукуматнинг ушбу текширувини шубҳали, демоқда. Чунки 2022 йилда ушбу аукцион уйи мамлакат тарихидаги энг оғир сиёсий жиноятлардан бири – бош вазир Алдо Моронинг ўғирлаб кетилиб, ўлдирилишини бўйнига олган жиноий гуруҳ – “Қизил бригадалар”га тегишли бўлган варақани 30 минг еврога сотган. Ўша пайтда мухолифатда бўлган Мелони эса бу ишни уятсизлик, деб атаганди.
Дарвоқе, Киджи саройига қайтарилган қимматбаҳо буюмлар барибир сотилади.
Шоҳрух Мажидзода тайёрлади.
Мавзуга оид
14:24 / 06.12.2025
Ўзбекистонга келган Италия фуқаролари сони бир йилда қарийб 5 мингга кўпайди
15:05 / 28.11.2025
Италия Nord Stream иши бўйича гумонланувчини Германияга топширди
22:08 / 20.11.2025
Сўнгги йўлланмалар учун кураш: Италия ва Туркия рақибларини билиб олди
11:39 / 20.11.2025