Исроил ҳукумати Фаластин ерларини босқичма-босқич эгаллаш сиёсатини давом эттиряпти. 21 декабр куни Ғарбий соҳилда яна 19 та яҳудий мавзелари қурилиши эълон қилинди. Бу посёлкалар босқин остидаги мамлакатни янада парчалайди ва Осло келишувларини инкор қилади. Воқеликни Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида профессор Фарҳод Каримов хариталар узра шарҳлаб берди.
— 19 та янги аҳоли пункти қаерларда жойлашган ва улар Фаластин шаҳарларини бир-биридан қандай ажратмоқда?
— Ҳозирги пайтда Ғарбий соҳилда Исроил томонидан қурилган бундай аҳоли пунктлари сони 70 тага яқин. Улар Фаластин назоратидаги ҳудудларни ўраб олиш ва бўлиб ташлаш мақсадида жойлаштирилган бўлиб, бу жараён 1993 йилдан буён изчил давом этмоқда. Янги эълон қилинган 19 та аҳоли пунктидан 5 таси амалда аллақачон мавжуд, бироқ Исроил ҳукумати уларни расман тан олмаган. Яна 2 та пункт илгари бузилган бўлса-да, ҳозир қайта тикланмоқда. Қолган 12 таси – янги қурилишлар ҳисобланади.
Мазкур аҳоли пунктлари асосан шимолдан жанубга чўзилган тўртта стратегик ҳудудда жойлаштирилмоқда. Биринчи ҳудуд – Женин атрофи. Женин Исроилнинг Ливан йўналишидаги асосий транзит нуқтаси бўлгани сабабли, бу ерда тураргоҳлар қурилиши Фаластиннинг шимолий йўналишлар билан алоқасини чеклашга хизмат қилади.
Иккинчи ва энг йирик ҳудуд – Наблус атрофидир. Бу ерда Дума, Жалуд ва Қусра қишлоқлари муҳим аҳамиятга эга. Мазкур қишлоқлар Наблусни шимол, жануб, шарқ ва ғарбдан боғлаб турувчи ҳудудлар бўлиб, айнан шу ерлар орқали Исроил аҳоли пунктларини кенгайтириш режалаштирилган. Режага кўра, кўп қаватли уйлар ва коттежлар қурилиб, бу ҳудудларга асосан ҳарбийлар жойлаштирилади. Натижада Наблус Фаластин ҳудудлари билан бевосита алоқадан узилиб қолади.
Учинчи муҳим ҳудуд – Рамаллоҳ атрофи. Рамаллоҳ Фаластиннинг маъмурий маркази бўлиб, сиёсий бошқарув айнан шу шаҳардан амалга оширилади. Деир Аммар, Рас Каркар ва Синжил ҳудудларида янги посёлкалар қурилиши Рамаллоҳни шимолий, ғарбий ва жанубий йўналишлардан ажратиб қўйишни кўзда тутади. Хусусан, Синжил орқали савдо ва озиқ-овқат оқими назорат остига олиниши мумкин.
Тўртинчи ҳудуд – Ал-Халил атрофидир (Исроил бу шаҳарни ибронийча Ҳеброн деб номлаган). Бу ерда Ятта тумани ва унга туташ қишлоқлар стратегик аҳамиятга эга. Режага кўра, ушбу ҳудудлар орқали Ал-Халил – Рамаллоҳ ва жанубий Фаластин ҳудудларидан узиб қўйилади. Натижада шаҳар тўлиқ Исроил назорати остидаги йўлаклар билан ўраб олинади.









