Ўзбекистон | 13:28 / 26.12.2025
1751
2 дақиқада ўқилади

Тергов судялари ваколати кенгаяди

Суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштириш доирасида “рақамли суд” концепцияси татбиқ этилиб, тергов жараёнини рақамлаштириш орқали инсон ҳуқуқлари ҳимояси кучайтирилади. 2026 йилдан эса тергов судяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатлари берилади.

Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва унинг очиқлиги ҳамда адолатли ишлашини таъминлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилиши маълум қилинди. Одил судлов жараёни “рақамли суд” концепцияси асосида ташкил этилаётгани, бу жараёнда терговни ҳам рақамлаштириш орқали инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш мақсад қилингани қайд этилди.

Режага кўра, жиноят ҳақидаги аризани қабул қилишдан тортиб, ишни судга ўтказишгача бўлган босқичларда сунъий интеллект технологиялари жорий этилади. Бу орқали инсон омилини камайтириш, жараёнларнинг шаффофлиги ва назоратини кучайтириш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, мамлакатда тергов судялари иш бошлагани халқаро тан олинган “хабеас корпус” институтини қўллашнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлгани таъкидланди. Маълум қилинишича, 2026 йилдан тергов судяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатлари ҳам берилади.

Фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, тергов жараёнларидаги асоссиз чекловлар олдини олиш ҳамда суд назоратини кучайтириш мазкур ўзгаришларнинг асосий мақсадларидан бири экани билдирилди.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид