ID-карта билан паспортнинг қандай фарқи бор?

ID-карта — Ўзбекистон ҳудудида эгасининг шахсини ва фуқаролигини тасдиқлайдиган, карта кўринишидаги ҳужжат. Унда сизнинг шахсий ва биометрик (бармоқ излари, фото) маълумотларингиз киритилган чип бўлади. ID-карта юзасида паспортдаги каби маълумотлар бўлмайди. Масалан, яшаш жойи ҳақидаги маълумот. Маълумотлар чипда бўлади.

ID-карта намунаси

Биометрик паспорт — бу ҳам Ўзбекистон ҳудудида эгасининг шахси ва фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат. Фақат у кичик яшил китобча шаклида бўлади. Унда ҳам шахсий ва биометрик маълумотларни ўз ичига олган чип мавжуд. Саҳифаларида доимий рўйхатдан ўтган манзил, туғилган жойи, миллати ва паспорт берилган жой кўрсатилади.

паспорт намунаси

ID-картани қачон олиш керак?

Биринчи ID-карта 16 ёшда олинади. Аммо картани олиш учун бундан бошқа ҳолатлар ҳам бор:

  • 16 ёшга тўлганда (18 ёшгача олиш мумкин. Бунинг учун жарима қўлланилмайди. Лекин усиз айрим таълим даргоҳларига кириш, банкда ҳисоб очиш, давлат хизматларида рўйхатдан ўтиш, SIM-карта олиш имкони бўлмайди)
  • ID-карта муддати тугаганида.
  • Паспорт муддати тугаганида.
  • ID-карта йўқотиб қўйилганида ёки яроқсиз ҳолга келганида.
  • Исм-шариф, миллат, туғилган сана ўзгартирилганида.
  • ID-картадаги маълумотларда хато аниқланганида.
  • Ўзбекистон фуқаролиги олинганида.
  • Карта ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида.

ID-карта бир ой муддатда расмийлаштирилиши лозим.

ID-карта олиш нархи қанча?

Бу ариза бериш усулига боғлиқ:

  • 330 012 сўм (БҲМнинг 80.1%и)