Жаҳон | 11:07 / 03.01.2026
2444
3 дақиқада ўқилади

Зеленский: Михаил Федоров Украина Мудофаа вазирлигини бошқаради

Украина бош вазирининг биринчи ўринбосари ва рақамли трансформация вазири Михаил Федоров мудофаа вазири лавозимида Денис Шмихални алмаштиради, деб маълум қилди Володимир Зеленский.

Фото: Yevhen Kotenko/Avalon/Photoshot/picture alliance

Украина бош вазирининг биринчи ўринбосари ва рақамли трансформация вазири Михаил Федоров мамлакат Мудофаа вазирлигига раҳбарлик қилиши мумкин. У бу лавозимда ҳозирги мудофаа вазири Денис Шмихални алмаштиради, деб маълум қилди Украина президенти Володимир Зеленский жума куни, 2 январда кечқурун ўзининг видеомурожаатида.

“Янги мудофаа вазири бўлишни Михаил Федоровга таклиф қилдим. Михаил ‘дронлар чизиғи’ масалалари билан чуқур шуғулланади, давлат хизматлари ва жараёнларини рақамлаштириш соҳасида жуда самарали ишлаяпти”, — дея Зеленский ўз қарорини изоҳлади. Мурожаатининг охирида у Федоров, унинг фикрича, армияда зарур ўзгаришларни амалга ошириши ва унга янада кўпроқ технологиялар олиб кириши мумкинлигини қўшимча қилди.

Михаил Федоров 1991 йилда Запорижжя вилоятида туғилган. 34 ёшли Федоров Украина тарихидаги энг ёш мудофаа вазири бўлади. 2019 йилда Володимир Зеленскийнинг сайлов кампанияси даврида у рақамли йўналиш бўйича раҳбар бўлган, инаугурациядан сўнг эса президентнинг норасмий маслаҳатчисига айланган. Ўша йилда Олий Радага бўлиб ўтган муддатидан олдинги сайловларда у “Халқ хизматкори” партияси рўйхатида 6-рақам остида номзод сифатида кўрсатилган.

2019 йил августда Украина бош вазири ўринбосари ва рақамли трансформация вазири лавозимини эгаллаган. 2023 йил март ойидан 2025 йил июл ойигача — бош вазир ўринбосари ва инновациялар, таълим ривожи, фан ва технологиялар вазири бўлиб ишлаган. 2025 йил 16 июлда эса Юлия Свириденко ҳукумати таркибида Украина бош вазири биринчи ўринбосари ва рақамли трансформация вазири этиб тайинланган.

Жумладан, Федоров Украинада давлат хизматларини онлайн олиш имконини берувчи "Дiя" давлат хизматлари сервисини ишга туширган.

“Денис Шмихал жамоада қолади — Украина жамоасида. Ўтган йил мамлакат учун қилган иши учун унга жуда миннатдорман. Украина Мудофаа вазирлиги яхши натижалар кўрсатди. Денис Шмихалга давлат ишларида бошқа йўналишни бошқаришни таклиф қилдим — бу йўналиш ҳам биз учун барқарорлик нуқтаи назаридан аҳамиятли”, — дея хулоса қилди Володимир Зеленский.

У ўз мурожаатида, шунингдек, бу кадрлар бўйича ўзгаришлар охиргиси эмаслигини ҳам маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид