Шахсий ҳаётингизни, сирларингизни адолатли инсонга ишонган бўлармидингиз? Айтайлик, ижтимоий тармоқлар, сиздаги қурилмалар, фойдаланаётган дастурларингиз яхши одамларнинг қўлида деб ўйлайсизми? Агар пардалар ортида “ёмон амакилар” турган бўлса-чи? Бугун биз “5 дақиқа”да Ден Брауннинг “Рақамли қалъа” романи ҳақида гаплашамиз.
Асар воқеалари дунёнинг энг махфий ташкилотларидан бири — АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги ичида бошланади. У ерда ҳар бир овоз, ҳар бир рақам, ҳар бир хабар кузатилади. Ана шу жойда криптография бўйича энг кучли мутахассислардан бири, IQ даражаси жуда юқори бўлган Сюзан Флетчер исмли гўзал хоним ишлайди. Ўша соҳибжамол сизни АҚШнинг “темир деворлари” ортига назар ташлашингизга ёрдам беради.
Криптограф Энсей Танкадо Испанияда шубҳали ўлим топади. У хавфсизлик агентлигида ишлаган, кейин эса ташкилотни тарк этиб, бутун дунёга шов-шув соладиган даъво қилади. Танкадо шундай код яратганки, уни ҳеч қандай суперкомпютер бузиб ўта олмайди. Бу шифр агар очилмаса, Миллий хавфсизлик агентлигининг глобал тизими ишдан чиқади. Агар очилса, агентлик бутун дунё алоқаларини мутлақ назорат қилиш имконига эга бўлади.
Мутлақ назорат учун кураш
Миллий хавфсизлик агентлиги раҳбарияти кодни очишга уринади. Аммо “TRANSLTR” деб аталган улкан суперкомпютер ҳам код олдида ожиз қолади. Тизим қизиб, маълумотлар ёниб кетиш хавфи пайдо бўлади. Сюзан Флетчер буни биринчи бўлиб ҳис қилади. У кодни очиш билан нафақат тизимни, балки инсон эркинлигини ҳам йўқ қилиш мумкинлигини англайди.
Бир вақтнинг ўзида воқеалар иккинчи йўналишда ҳам ривожланади. Сюзаннинг қаллиғи — тилшунос ва рамзлар билан ишлайдиган Дэвид Беккер Испанияга юборилади. У код муаллифи Танкадо қолдирган сирнинг тагига етади. Қувғинлар, хиёнатлар, ёлғон йўл-йўриқлар орқали Беккер ҳам код ортидаги ҳақиқий мақсадни англайди.
Асарнинг драмаси шундаки, Миллий хавфсизлик агентлигининг ичида ҳам ягона фикр йўқ. Куч ишлатиш тарафдори бўлган Грег Ҳейл каби шахслар учун мақсад ҳамма нарсани оқлайди. Улар учун эркинлик иккинчи даражали тушунча. Стратмор эса давлат хавфсизлиги билан виждон ўртасида қолган раҳбар сифатида тасвирланади. У тизимга, тизимнинг қудратига ҳаддан ортиқ ишониб юборади. Ҳаммани назорат қилиш мумкин бўлган кучга эришиш учун қонунларнинг ҳам, инсон дахлсизлигининг ҳам унга ҳеч қандай аҳамияти йўқ.
Сирларингиз — душманингиз бўлиши мумкин
















