Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Швеция бош вазири АҚШнинг Гренландияни эгаллаб олиш таҳдидларини танқид қилди
АҚШ Данияга тегишли Гренландия оролини эгаллаб олиши эҳтимоли “халқаро ҳуқуқни бузиш” бўлиб, хавфли прецедент яратади, деб огоҳлантирди Швеция бош вазири Улф Кристерссон.
Улф Кристерссон Фото: Yves Herman/REUTERS
Швеция бош вазири Улф Кристерссон АҚШнинг Гренландия ва Данияга нисбатан “таҳдидли риторикаси”ни кескин танқид қилди. “Қўшма Штатлар кўп йиллар давомида жуда ишончли иттифоқчи бўлиб келган Даниядан миннатдор бўлиши керак”, — деди у якшанба, 11 январ куни мамлакат мудофаа сиёсатига бағишланган конференцияда. “Швеция, Шимолий Европа мамлакатлари, Болтиқбўйи давлатлари ва бир қатор йирик Европа давлатлари даниялик дўстларимиз билан елкама-елка турибди”, — дея таъкидлади Кристерссон.
АҚШ билан НАТО бўйича иттифоқчи бўлган Данияга тегишли Гренландия оролини Вашингтон томонидан эгаллаб олиш эҳтимоли “халқаро ҳуқуқни бузиш”ни англатади ва “бошқа давлатлар ҳам бундай мисолга эргашиши” хавфини юзага келтиради, деб огоҳлантирди Швеция бош вазири. “Бу хавфли йўл бўлар эди”, — деди у.
Шу орада, Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул АҚШ президенти Доналд Трампнинг Данияга нисбатан ҳудудий даъволар тўғрисидаги янги баёнотларини рад этди. “Гренландия суверенитетига оид масалалар бўйича қарорни фақат Гренландия ва Даниянинг ўзи қабул қилиши кераклиги мутлақо аниқ”, — деди у 11 январ куни Bild am Sonntag газетасида чоп этилган интервюда.
Нашр маълумотига кўра, Гренландия масаласини Германия, Франция ва Буюк Британия вакиллари ҳам муҳокама қилиб, бу борадаги кейинги қадамларни мувофиқлаштирган. Ўз навбатида, The Telegraph газетаси 10 январ куни Лондон Европа иттифоқчилари билан биргаликда Арктика хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун Гренландияга қўшин юбориш режасини ишлаб чиқаётгани ҳақида хабар берган.
Бир кун олдин Оқ уй раҳбари Гренландия устидан назорат ўрнатиш учун куч қўллаш билан яна бир бор таҳдид қилди. “Гренландия бўйича биз бирор нарса қиламиз — уларга ёқадими-йўқми”, — деди АҚШ президенти. Трамп яна “миллий хавфсизлик манфаатлари”га ишора қилди ва Гренландия атрофида Россия ва Хитой кемалари жуда кўп эканини таъкидлади. “Биз Россия ёки Хитойнинг Гренландияни оккупация қилишга йўл қўймаймиз”, — деди у.
Оқ уй аллақачон эркин ассоциация тўғрисидаги келишув лойиҳасини тайёрламоқда — Доналд Трамп уни расмий Копенҳагенни четлаб ўтиб, тўғридан тўғри Гренландия ҳокимиятига имзолатишни таклиф қилмоқчи. Бундай шартнома бўйича АҚШ қўшинлари божсиз савдо эвазига орол ҳудудида тўлиқ эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини олиши мумкин. Politico нашри Вашингтондаги экспертлар ва манбаларга таяниб, АҚШ йил охиригача Гренландия устидан назорат ўрнатиш ниятида эканини ёзди.
Дания ҳокимияти Гренландияга босим ўтказишни қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат деб атаб, Арктика минтақаси “бошқа давлатлар аралашувисиз ўз келажагини ўзи белгилашни истайди”, дея таъкидламоқда. Гренландиядаги сиёсий партиялар етакчилари 9 январ куни қўшма баёнот билан чиқиб, орол аҳолисига ўз келажагини ўзлари белгилаш имконини беришга чақирди.
Шунингдек, Европадаги етти давлат раҳбарлари оролни қўллаб-қувватлади. “Гренландия унинг халқиники. Фақат Дания ва Гренландия Дания ва Гренландияга тааллуқли масалаларни ҳал қилиш ҳуқуқига эга”, — деди Буюк Британия бош вазири Кир Стармер, Франция президенти Эммануэл Макрон, Германия канцлери Фридрих Мерц ва Евроиттифоқнинг яна бир қатор давлатлари раҳбарлари.
Дания ҳукумати раҳбари Метте Фредериксен Гренландияни куч билан эгаллашга уриниш НАТОнинг тугаши билан якунланиши мумкинлигини огоҳлантирди. Гренландия, АҚШ январ ойида ҳарбий операция ўтказган Венесуэла каби, фойдали қазилмаларга ҳам бой.