Жаҳон | 11:43 / 12.01.2026
1199
3 дақиқада ўқилади

Швеция ҳаво ҳужумидан мудофаага 15 млрд крона ажратади

15 млрд крона Швециянинг жанговар бўлинмалари, сафарбарлик салоҳияти, шаҳарлари ва фуқаролик инфратузилмасини — кўприклар, темирйўл ҳамда муҳим объектларни ҳимоя қилишга йўналтирилади.

Фото: Getty Imagеs

Швеция ҳукумати қуролли кучларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ) соҳасидаги имкониятларини кенгайтиришга қарор қилди — бу мақсадлар учун қўшимча равишда 15 млрд крона (1,4 млрд евро) ажратилади. Бу ҳақда Швеция Мудофаа вазирлиги якшанба, 11 январ куни маълум қилди.

Гап жанговар бўлинмаларни, сафарбарлик салоҳиятини, шаҳарлар ва фуқаролик инфратузилмасини — жумладан, кўприклар, темирйўл, шунингдек, атом ва гидроэлектростанциялар каби муҳим объектларни ҳимоя қилиш ҳақида кетмоқда. Илгари эса асосий эътибор ҳарбий қисмлар ва ҳарбий инфратузилмани муҳофаза қилишга қаратилган эди.

“Украина тажрибаси ишончли ҳаво ҳужумидан мудофаа қанчалик муҳим эканини кўрсатмоқда”, — дейилди мудофаа идорасида. “Бу — инсонлар ҳаётини, эркинлигимизни ва мамлакатнинг барча ҳудудларида ҳужумларга қарши тура олиш қобилиятимизни ҳимоя қилиш демак”, — деди Швеция бош вазири Улф Кристерссон.

Мудофаа вазири Пол Йонсоннинг қўшимча қилишича, ушбу чоралар ҳужум қилиш учун “чегара”ни оширади, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлайди ва НАТО доирасида тийиб туришга хизмат қилади.

Молиялаштириш, хусусан, дронларга қарши кураш воситаларига ва швед корветларини ҲҲМ тизимлари билан жиҳозлашга йўналтирилади.

AFP агентлиги эслатишича, ноябр ойида Швеция тахминан 317 млн евро қийматида Iris-T ҳаводан мудофаа тизимларини харид қилиш ниятини билдирган эди. 2024 йилда Швеция НАТОга аъзо бўлди.

НАТО бош котиби Марк Рютте 2025 йил 15 октябр куни Шимолий Атлантика алянси “дронлар ҳужумларини қайтариш имкониятларини кенгайтириш ва тезлаштиришга қаратилган қўшимча чораларни жорий этишини” айтган. Рютте, жумладан, алянснинг шарқий сарҳадларида ҳаводаги таҳдидларни “аниқлаш, кузатиш ва нейтраллаштириш”га қодир “интеграциялашган тизимлар” синовдан ўтказилаётганини таъкидлаган. Бу чоралар 2025 йил сентябрида Россия дронлари Полша ҳаво ҳудудини бузганидан кейин ишга туширилган Eastern Sentry ташаббусининг бир қисми ҳисобланади.

Ўз навбатида, Германия мудофаа вазири Борис Писториус Германия НАТОнинг шарқий қанотида ҳаво ҳудудини кузатишга қўшадиган ҳиссасини оширишини маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид