Ўзбекистон | 11:30
422
2 дақиқада ўқилади

“Марказий Осиё – Хитой” формати: котибият тўғрисидаги низом тасдиқланди

“Марказий Осиё – Хитой” формати доирасида котибият фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан белгилаб берувчи низом ратификация қилиниб, формат ишларини мувофиқлаштириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қиладиган институционал механизм мустаҳкамланди.

Фото: Азия Плюс

Ҳужжат “Марказий Осиё – Хитой” формати доирасида котибиятнинг вазифалари, фаолият механизмлари ва ҳамкорлик йўналишларини белгилайди. Хусусан, котибият шерик мамлакатлар ўртасида келишувларни мувофиқлаштириш, амалий лойиҳаларни самарали амалга ошириш ҳамда доимий мулоқот платформасини шакллантиришда муҳим ўрин тутиши қайд этилган.

Низомнинг ратификация қилиниши Ўзбекистоннинг минтақавий интеграция жараёнларидаги иштирокини кучайтириши, ҳудудий иқтисодий ва инфратузилмавий ҳамкорликни, шунингдек транспорт-логистика йўналишларини ривожлантириш, янги коридорлар яратиш ва савдо айланмасини оширишга кўмаклашиши таъкидланмоқда.

Шу билан бирга, “Марказий Осиё – Хитой” формати котибияти форматнинг ижро органи ҳисобланиши, у иштирокчи давлатлар саммитлари ва ташқи ишлар вазирлари учрашувларини ташкилий, техник ва ахборот жиҳатдан таъминлаши маълум қилинган. Низом матни эса муқаддима ва 4 та бўлимдан иборат бўлиб, котибиятнинг ваколатлари, тузилмаси, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган.

Маълумот ўрнида, котибиятни ташкил этиш ташаббуси формат иштирокчилари томонидан 2023 йил 19 май куни қабул қилинган Сиан декларацияси билан боғлиқ.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид