Эроннинг сўнгги шоҳи катта ўғли Ризо Паҳлавий Эронда норозиликлар бошланганидан бери илк бор АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф билан учрашган. Бу ҳақда Axios нашри 13 январ, сешанба куни, юқори лавозимли америкалик амалдорга таяниб хабар берди. Аниқлаштирилишича, ушбу махфий учрашув ўтган дам олиш кунлари бўлиб ўтган.

Axios’нинг ёзишича, 13 январ куни эрталаб Оқ уйнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича жамоаси йиғилиш ўтказган ва унда Теҳрон ҳамда Эроннинг бошқа шаҳарларидаги ҳукуматга қарши намойишларга қандай жавоб қайтариш вариантлари муҳокама қилинган. Нашр қайд этишича, Оқ уй раҳбари Доналд Трамп бу йиғилишда қатнашмаган. Манба таъкидлашича, Трамп маъмурияти ичидаги бу муҳокамалар “нисбатан илк босқич”да ва ҳозирча Эронга нисбатан “ҳарбий ҳаракатлар тўғрисида қарорлар ҳали қабул қилинмаяпти”.

Axios ёзишича, норозиликлар бошида АҚШ президенти ва унинг жамоаси “Паҳлавийни муҳим сиёсий ўйинчи сифатида кўрмаган”. Ўтган ҳафта Трамп теледастурлардан бирига берган интервюсида уни Эронда ҳокимият вориси сифатида қўллаб-қувватлашдан бош тортган. Бироқ кейинчалик АҚШ маъмурияти кўплаб намойишларда иштирокчилар Ризо Паҳлавийнинг исмини ҳайқирганидан ҳайратда қолган, дея нашр юқори лавозимли америкалик амалдор сўзларини келтиради.

Axios манбаси — вазиятни бевосита биладиган шахс сўзларига кўра, АҚШ давлат котиби Марко Рубио сўнгги кунлардаги ёпиқ учрашувларда ҳозирги босқичда маъмурият Эрондаги намойишчиларга ёрдам бериш учун ҳарбий бўлмаган чораларни кўриб чиқяпти, деб айтган.

Шу куни аввалроқ АҚШ президенти Эрондаги намойиш қатнашчиларини “норозиликни давом эттириш” ва “давлат муассасаларини назоратга олиш”га чақирган ва: “Ёрдам йўлда”, — деб қўшимча қилган. Журналистлар ундан бу билан нимани назарда тутганини сўраганида, Трамп: “Буни ўзингиз тушуниб олишингизга тўғри келади”, — деб жавоб берган. Шунингдек, у АҚШ фуқаролари Эронни тарк этиши кераклигини айтган.

2 январ куни Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида АҚШ Эрон куч тузилмалари тинч намойишчиларга ўқ узса, аралашишини ёзган. Кейинроқ Трамп матбуот котиби Кэролайн Ливитт айтишича, АҚШ президенти намойишларни қаттиқ бостириш сабаб Эронга қарши турли ҳаракатларни — ҳаво зарбаларигача кўриб чиқмоқда, аммо “биринчи вариант” сифатида дипломатияни кўради. 11 январ куни Трамп Эрон раҳбарияти унга музокаралар ўтказиш илтимоси билан мурожаат қилганини айтган, Эрон томони эса буни тасдиқламаган.

12 январ куни АҚШ президенти Эрон билан савдо қилаётган барча мамлакатларга нисбатан 25 фоизлик бож жорий этилишини эълон қилган. Bloomberg агентлиги маълумотига кўра, Ислом Республикасининг энг муҳим савдо ҳамкорлари қаторига Ҳиндистон, Хитой ва Туркия киради.