“Ҳар бир соҳада маълум бир масалани ечувчи — хоҳ бу суд бўлсин, хоҳ бу ОАВ — ёқмайдиган тарафлари бўлиши мумкин”, “туман, вилоят даражасидан кўра Олий судда ишлар, адолатлироқ, қонунийроқ кўрилади”, “қанақадир даражада озгина коррупциялашган, соғ бўлмаган бир муҳит бор”, “қачонки ҳокимиятнинг учга бўлиниш принципи тўғри амалга оширилса, суд ҳам яхши ишлаб кетиши мумкин”… Kun.uz студиясида суд тизимидаги вазият муҳокама қилинди.

Унда жиноят ишлари бўйича судя Сарвар Мамадиев, адвокат Жаҳонгир Муталибов, инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов ҳамда сиёсатшунос Ҳамид Содиқ иштирок этди. Қуйида суҳбатдан қисқа шарҳ келтирилади.

“[Суд] қарорига таъсир қилишга ҳаракатлар бўлади” – судя

Дастлаб Мамадиев суднинг мустақиллигини тушунтираркан, ҳеч бир ташқи ёки ички таъсирларсиз, айнан қонунда белгиланган тартиб, асослар билан иш кўрилиши уни таъминлашдаги ягона омил эканини айтди.

“Бу мустақилликка таъсир бўляптими, деганда, албатта, ҳар бир соҳада маълум бир масалани ечувчи ёки маълум бир долзарб муаммони кўтарувчи хоҳ бу суд бўлсин, хоҳ бу оммавий ахборот воситалари бўлсин, хоҳ бир жамоат ташкилотлари бўлсин, қандайдир бунинг ёқмайдиган тарафлари, ёқмайдиган кучлари бўлиши мумкин. [Бунда суд] қарорига таъсир қилишга ҳам ҳаракатлар бўлади”, – дейди у.

Kun.uz'нинг эътибор қаратишича, ҳудудлар кесимида суд раиси лавозимлари мавжуд экани ҳам судялар ва уларнинг қарорларига таъсир ўтказиши мумкин бўлган нуқта бўлиб қолмоқда. Сарвар Мамадиев бу фикрга қўшилмаслигини, айнан ташкилий масалаларда туман ва шаҳар суд раислари судяларга ёрдам қилишини билдирди.

“Суд иккита йўналишда ишлайди. Биринчидан, ташкилий масалалари бор, иккинчидан, процессуал масалалари бор. Процессуал масалаларда судя мустақил. Ташкилий масалаларда ишга келиб-кетиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш, судялик мақомида ўзини тўғри тутиши, бу ҳолатларда назорат амалга оширилади. Лекин айнан кўрилаётган иш юзасидан уни назорат қилишга ҳаққимиз йўқ.

Суд назорати бор тушунча. Бу қандай йўл билан амалга оширилади? Тарафлардан келиб тушган шикоят ёки протест асосида суд ҳукмларни назорат қилади. Фақат бу ҳам процессуал тартибда. Бу шикоят ёки протест бўлмайдиган бўлса, уни ўзидан ўзи келиб, мана бу ишинг бўйича менга тушунтириш бер, дейишга ҳақли эмас, қонунда тақиқлаб қўйилган.