Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Сити» Лига кубоги финалига яқинлашди
Ҳусанов «Нюкасл»га қарши ўйиннинг энг яхши футболчиларидан бири бўлди.
Англия Лига кубоги. Яримфинал
«Нюкасл» – «Манчестер Сити» 0:2
Голлар: Семенё 53, Шерки 90+9
«Нюкасл»: Поуп, Ҳолл, Ботман, Милей, Рэмси (Тонали, 69), Тиау, Висса (Волтемаде, 69), Гордон (Эланга, 69), Мерфи (Барнс, 45+2), Гимараэс, Жоэлинтон
«Манчестер Сити»: Траффорд, Нунес (Люис, 62), Абдуқодир Ҳусанов, Аллейн, Аке, О’Райли (Родри, 61), Семенё, Доку (Шерки, 77), Фоден (Рейндерс, 62), Силва, Ҳоланд.
Огоҳлантиришлар: Жоэлинтон 31, Гимараэс 76 – О’Райли 31, Нунес 39, Силва 73, Люис, 83
Англия лигаси кубогида тўрт иштирокчи қолган. Бу босқичда иккитадан ўйин ўтказилади – жамоалар уйда ва сафарда ўйнайди. 13 январ оқшомида «Сент-Жеймс Парк» ўйингоҳида «Нюкасл» ва «Манчестер Сити» ўртасида яримфиналнинг биринчи учрашуви бўлиб ўтди.
Мезбонлар ўйинни фаоллик билан бошлади ва олтинчи дақиқадаёқ қулай имкониятга эга бўлишди. Йоан Висса меҳмонлар дарвозабони Жеймс Траффорд билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди, аммо яхши позициядан зарба берганига қарамай, тўпни дарвоза тўсини юқорисидан ўтказиб юборди.
Умуман олганда, биринчи бўлимнинг катта қисмини жамоалар эҳтиёткорлик билан ўтказишди. Бўлим охирида «Нюкасл» жароҳат туфайли Жейкоб Мёрфидан айрилди. Унинг ўрнига майдонга Ҳарви Барнс туширилди. Танаффусдан кейин ҳам Эдди Ҳау шогирдлари иккита жуда яхши вазиятга эга бўлишди. Аввалига Траффорд ажойиб реакция кўрсатди ва Виссанинг бошда йўллаган зарбасидан кейин тўсин остидан кириб кетаётган тўпни тўхтатди. Бироз ўтиб эса Бруно Гимарайнснинг зарбасидан кейин тўп дарвоза устунига борди.
Жавоб ҳужумида эса «Сити» ҳисобни очди. Жереми Доку чап қанотда рейд уюштириб, тўпни марказга оширди, Бернарду Силва эса бир тегинишда уни олис устун томон йўналтирди, у ерда пайдо бўлган Антуан Семенё осонлик билан дарвозани ишғол этди – 1:0. «Манчестер Сити»нинг янги футболчиси қаторасига икки ўйинда ўз ҳисобига гол ёзиб қўймоқда. Январнинг дастлабки ҳафтасида «Борнмут»дан трансфер қилинган ушбу футболчи бир неча кун олдин Англия Кубоги доирасида «Эксетер Сити»га қарши ўйинда (10:1) дебют қилиб, бир гол ва бир голли узатма муаллифига айланганди.
Кейинроқ Семенё иккинчи бор «Нюкасл» дарвозасини ишғол этди. Бу сафар ганалик ҳужумчининг акробатик зарбасидан урилган гол бекор қилинди. Ҳакамлар эпизодни узоқ текширишди ва якунда тўп йўлида туриб қолган Эрлинг Ҳоландда офсайд ҳолатини қайд этишди.
Шундан кейин «Нюкасл»да навбатдаги яхши вазият юзага келди. Аммо Сандро Тоналининг зарбасига аниқлик етишмади. Ўйин охирида эса Райан Шеркининг зарбасидан кейин Ник Поуп қаҳрамонлик кўрсатди. «Манчестер Сити» футболчисининг ўткир бурчакдан йўллаган зарбаси рикошет орқали голга айланиши мумкин эди. Аммо «Нюкасл» дарвозабони оёқлари билан тўпга улгурди.
Арбитр ўйиннинг асосий вақтига тўққиз дақиқа қўшиб берди. «Нюкасл» ҳисобни тенглаштириши мумкин эди, аммо Ник Волтемаде қанотдан оширилган тўпни дарвоза тўрига йўллай олмади. Мезбонлар ўз вазиятларини йўққа чиқарди, «Сити» эса яна бир бор рақибни жазолади. Бу сафар Райан Айт-Нури қанотдан Шеркини тўп билан таъминлади, у эса тўпга бир тегинишда Поупни доғда қолдирди.
«Сити» сафарда ғалабага эришди ва Англия лига кубоги финалига яқинлашди. Жавоб ўйини февралда «Этиҳад»да бўлиб ўтади. Яримфиналнинг иккинчи жуфтлигини ташкил этган «Арсенал» ва «Челси» ўртасидаги биринчи ўйин эса 14 январ оқшомига белгиланган.
Таркибдаги жароҳатлар туфайли (Гвардиол ва Рубен Диаш) асосий таркибга қайтган Абдуқодир Ҳусанов эса Пеп Гвардиоланинг ишончини оқламоқда. У «Нюкасл»га қарши ўйинда энг юқори баҳоланган футболчи бўлди.

Мавзуга оид
12:00 / 08.01.2026
«Сити»да ғалабасиз серия, «Барса» жавобсиз 5 та гол урди. Кун ўйинлари
13:35 / 05.01.2026
«Сити» ва «Ливерпул» яна очко йўқотди, «Реал»да янги юлдуз порлади
11:38 / 31.12.2025
«Арсенал» таъқибчисига 4 та гол урди, «МЮ» аутсайдерни енголмади
11:59 / 28.12.2025