Эронда 28 декабр куни бошланган норозилик намойишлари 17 кундирки давом этмоқда. Шу билан бирга, 13 январ кун давомидаги акциялар сони энг кам бўлган кунга айланди – шарқшунос Никита Смагиннинг маълумотига кўра, олтита вилоятда жами 14 жойда кичик намойишлар бўлиб ўтган. Унинг кузатувларига кўра, 13 январдаги йирик акциялар ҳақида ҳеч қандай далил пайдо бўлмади ва фақат икки жойда намойишга йиғилганлар сони 100 нафардан ошган. Бу норозиликнинг сўниши билан боғлиқми ёки эронликлар бир-бири билан ҳам, ташқи дунё билан ҳам алоқага чиқа олмаётгани биланми – буниси номаълум.
NetBlocks лойиҳаси маълумотларига кўра, Эронда интернет ишламаётганига 100 соатдан ошди. Афтидан, эронликлар энди Starlink тизимларидан ҳам фойдалана олмаяпти, сўнгги кунларда сунъий йўлдош интернети мамлакатдаги вазиятни ташқи дунёга етказиш учун ягона восита бўлиб турганди. Телефон алоқаси ҳам чекланган: Associated Press хабарига кўра, Теҳрондан бир неча киши уларнинг Дубайдаги мухбири билан алоқага чиқишган, бироқ кейин уларга қайта уланиб бўлмаган. Агентлик суҳбатдошлари Эрон пойтахтида бир нечта ҳукумат бинолари ёқиб юборилгани, шаҳар маркази хавфсизлик кучлари билан тўлгани, улар йўловчиларни тўхтатиб сўроққа тутаётгани, шунингдек, уйларга бостириб кириб, Starlink терминалларини қидиришаётганини айтиб беришган.
Эронда намойишларнинг олдинги 16 куни давомида камида 646 киши ҳалок бўлган. Хорижда фаолият олиб борувчи эронлик ҳуқуқшуносларнинг HRANA гуруҳи маълумотларига кўра, қурбонларнинг 505 нафари намойишчилар (шу жумладан, тўққиз нафари вояга етмаган болалар), 133 нафари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийлардир, шунингдек бир нафар прокурор ҳамда намойишлар иштирокчиси бўлмаган яна етти фуқаро ўлдирилган. Намойишлар бошланганидан бери 10 700 дан ортиқ одам ҳибсга олинган. Ўз навбатида, Эрон ҳукумати вакили аноним тарзда Reuters агентлигига маълум қилишича, ҳалок бўлганлар сони аллақачон 2000 кишига етган. Ижтимоий тармоқларда Теҳрон вилоятининг Қаҳризоқ шаҳридаги ўликхонада жасадлар солинган қоплардаги ўнлаб жасадлар акс этган кадрлар тарқалган.
Намойишлар фонида биринчи ўлим ҳукми эълон қилингани маълум бўлди. Курдларнинг Hengaw инсон ҳуқуқлари ташкилоти Фардис шаҳрида яшовчи 26 ёшли Эфрон Солтанийни қатл этишмоқчилигини маълум қилди. У 8 январ куни ҳибсга олинган, 12 январ куни эса унинг оиласи Эфранга ўлим жазоси тайинланганидан хабар топган. Ҳукм ижроси 14 январга белгиланган. Солтанийнинг яқинлари унга қандай айб қўйилгани ва суд қачон бўлиб ўтганини билишмайди. «Биз илгари ҳеч қачон суд иши бунчалик тез бўлиб кетганини кўрмаганмиз. Ҳукумат одамларни таслим қилиш ва қўрқув уйғотиш учун барча усулларни қўлламоқда», – дея таъкидланади Hengaw баёнотида.










