Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сурия ҳукумати ва курдлар ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув имзолади
Суриянинг ўтиш даври президенти Аҳмад аш-Шаръа курдларнинг “Сурия демократик кучлари” (SDF) билан ўт очишни тўхтатиш режими бўйича келишув тузилганини эълон қилди. Бу ҳақда якшанба, 18 январ куни SANA агентлиги хабар берди.
Ҳужжат ҳукумат кучлари ва SDF ўртасида “барча фронтлар ва барча туташув нуқталарида” кенг қамровли ва дарҳол ўт очишни тўхтатишни кўзда тутади.
Келишув, шунингдек, курд маъмурияти ва кучларини давлат тузилмаларига интеграция қилишни ҳам назарда тутади. AFP агентлигига кўра, бу узоқ вақт давомида назоратидаги ҳудудларда амалдаги автономияни сақлаб қолишга интилиб келган озчилик (курдлар) учун зарба ҳисобланади.
Аш-Шаръа ўт очишни тўхтатиш ҳақида журналистларга маълум қилар экан, 18 январ куни SDF қўмондони Мазлум Абди билан учрашув режалаштирилганини, аммо ёмон об-ҳаво сабаб у 19 январга кўчирилганини айтди. “Вазиятни тинчлантириш учун биз келишувни имзолашга қарор қилдик”, — дея қўшимча қилди аш-Шаръа.
Аҳмад аш-Шаръа 19–20 январ кунлари Берлинга режалаштирилган ташрифини қолдирди. Бундай қарор Суриядаги сиёсий вазият сабаб қабул қилинганини Германия ҳукумати вакили dpa агентлигига маълум қилди.
Суриянинг ўтиш даври президенти 20 январ куни Германия канцлери Фридрих Мерц, бир қатор федерал вазирлар ва бизнес вакиллари билан учрашиши керак эди. Учрашувда сўнгги қарийб 14 йиллик фуқаролик урушидан кейин Сурияни тиклаш ва суриялик қочқинларни ватанга қайтариш масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган. Мерц аш-Шаръани Германияга ноябр ойида таклиф қилган.
Ўтган дам олиш кунлари Сурия ҳукумат қўшинлари SDF'ни Ат-Табка шаҳридан сиқиб чиқарди. У ерда Ал-Асад сув омбори тўғони жойлашган. Тўғонда йирик ГЭС мавжуд бўлиб, у 1970-йилларда СССР кўмагида қурилган. Суриянинг янги ҳокимияти курдлар кўп йиллар ушлаб турган ГЭСни қайта ишга туширишини ва маҳаллий аҳолини электр энергияси билан таъминлашини билдирган.
Бундан ташқари, ҳукумат қўшинлари ва ИИВ кучлари Ҳалаб шарқидаги Дайр-Хафир ва Мескена шаҳарларига кирган. SANA маълумотига кўра, ўша ҳудуддаги 34 та қишлоқ ҳам қўшинлар назоратига ўтган. Курдларнинг “Сурия демократик кучлари”дан юзлаб жангчи таслим бўлган, тахминан 200 нафар эвакуация қилинган. Кейинроқ SDF Фиротнинг ўнг соҳилидан ҳам сиқиб чиқарилган.
Ҳалаб атрофидаги жанглар 6 январдан бери давом этган. Томонлар бир-бирини зўравонликни кучайтиришда айблаб келган. Ҳалаб губернатори Азам ал-Ғарибнинг айтишича, 10 январга келиб, асосан курдлар яшайдиган маҳаллалардан тахминан 155 000 киши шаҳарнинг бошқа туманларига ёки қишлоқ ҳудудларига қочиб чиқиб кетган.
2025 йил октябр ойида Сурияда Башар Асад ағдарилганидан кейинги илк парламент сайловлари ўтказилган. Улар тўғридан тўғри ўтказилмади, бунда сайлов коллегияси аъзолари овоз берган. Шунингдек, “хавфсизлик мулоҳазалари” сабаб мамлакатнинг 14 вилоятидан 3 тасида сайлов ўтказилмаган.
2024 йил охирида Асадни ағдарган Аҳмад аш-Шаръа аввал Абу Муҳаммад ал-Жуланий номи билан танилган. Шу ном остида у 2003 йилда АҚШ бошчилигидаги халқаро антитеррор коалицияси кучларига қарши курашиш учун Ироқдаги “Ал-Қоида”га қўшилган. 2006 йилда у АҚШ ҳарбийлари томонидан ҳибсга олинган ва Ироқ қамоқхоналарида беш йил ўтирган.
2011 йилда озодликка чиққанидан кейин аш-Шаръа “Ал-Қоида”нинг Суриядаги бўлимини ташкил этган ва унга раҳбарлик қилган. 2017 йилда гуруҳ “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” деб қайта тузилган. Янги тузилманинг асосий мақсади Асадни ағдариш бўлган.
Fox News телеканали эфирида 10 ноябр куни чиқиш қилар экан, Суриянинг ўтиш даври президенти аш-Шаръа “Ал-Қоида” билан ҳамкорлиги “ўтмишда қолган иш” эканини билдирган.
Мавзуга оид
08:33 / 02.06.2026
Венада Асад даври генерали устидан суд бошланди
08:29 / 01.06.2026
Ўзбекистон Сурияга маҳсулот экспорт қилишни бошламоқчи
20:33 / 30.05.2026
«Меҳр» операциялари натижасида 530 дан ортиқ киши Ўзбекистонга қайтарилди
18:07 / 30.05.2026