Ўзбекистон | 12:34 / 20.01.2026
1288
2 дақиқада ўқилади

Нукус ва Қаршида автоматик шаҳарсозлик талаблари механизми синовдан ўтказилади

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги 2026 йилда соҳада рақамлаштиришни жадаллаштириш, шаффофликни ошириш ҳамда хизматлар сифатини яхшилашга қаратилган қатор янгиликларни жорий этади. Жумладан, шаҳарсозлик ҳужжатлари ишлаб чиқиш, лойиҳаларни кўриб чиқиш ва мурожаатлар билан ишлаш жараёнларига электрон платформалар ва сунъий интеллект кенг татбиқ этилади.

Фото: Kun.uz 

Маълум қилинишича, жорий йилда 154 та аҳоли пункти учун шаҳарсозлик ҳужжатлари ишлаб чиқилади. “Шаффоф қурилиш” тизимида “Рақамли шаҳарсозлик кенгаши” платформаси ишга туширилиб, архитектура-шаҳарсозлик кенгашлари фаолияти тўлиқ рақамлаштирилади. Шу билан бирга, фуқаролар мурожаатларини ўқиш, таҳлил қилиш ва тоифалаш жараёнларига сунъий интеллект жорий этилади.

Қурилиш соҳасида 158 та техник-норматив ҳужжат ишлаб чиқилиши режалаштирилган. “Қурилиш ресурслари миллий классификатори” электрон платформасида 206 мингдан ортиқ қурилиш ресурсларига индивидуал кодлар шакллантирилган. Шунингдек, рақамли смета модули ишлаб чиқилади, Нукус ва Қарши шаҳарларида эса автоматик шаҳарсозлик талаблари механизмлари тажриба тариқасида жорий этилади.

Яна бир муҳим янгилик — қиймати 10 млрд сўмдан юқори бўлган объектлар лойиҳалари “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали кўриб чиқилади. Лойиҳалаш топшириқларини ишлаб чиқиш ва келишиш жараёнлари ҳам электрон платформа орқали ягона форматга ўтказилади.

Уй-жой дастурлари доирасида 2026 йилда аҳоли шароитларини яхшилаш мақсадида 140 мингта хонадондан иборат кўп квартирали уйлар қурилиши режалаштирилган. Барча лойиҳаларнинг амалга оширилиши “Шаффоф қурилиш” тизими орқали доимий мониторинг қилинади.

Коммунал инфратузилмани янгилаш бўйича ҳам аниқ режалар белгиланган: 2026 йилда 25 та қозонхона ҳамда 301 км иссиқлик тармоқлари қурилиши ва реконструкция қилиниши кўзда тутилган. Натижада 56 мингга яқин хонадон жойлашган 1 200 та кўп қаватли уй, шунингдек, 97 та ижтимоий ва бошқа объектларда иссиқлик таъминоти яхшиланиши айтилмоқда.

Шунингдек, “Турар жой” миллий ахборот тизими босқичма-босқич ишга туширилади. Ушбу тизим орқали кўп квартирали уйларнинг техник ҳолати, ер участкалари, энергия ва сув истеъмолига оид маълумотлар ягона электрон базада жамланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид