Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
«Метан заправкалар» фаолиятига яна вақтинча чеклов киритилди
Ҳаво ҳарорати пасайиши ва табиий газга талаб ошиши ортидан айрим ҳудудларда газ қувурларида босим пасаймоқда. Шу муносабат билан аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини биринчи навбатда таъминлаш мақсадида «метан заправкалар» ишига вақтинча чеклов жорий этилди.
Мазкур чоралар фақат совуқ кунларда аҳоли учун барқарор таъминотни таъминлашга қаратилгани, вазият барқарорлашиши билан чекловлар бекор қилиниши таъкидланмоқда.
Аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида ижтимоий соҳа объектларига хизмат кўрсатувчи ҳамда жамоат транспорт воситалари учун газ таъминоти чекловларсиз, барқарор тарзда таъминланади.
«Sea Breeze Uzbekistan» туристик мажмуаси бўйича жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтади
23 январ куни Бўстонлиқ тумани ҳокимлигида «Sea Breeze Uzbekistan» туристик мажмуаси қурилиши лойиҳаси бўйича атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш юзасидан жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтади.
Жамоатчилик эшитуви лойиҳаси доирасида ҳудудни режалаштириш ва қурилиш ечимлари, атмосфера ҳавоси, сув ва тупроққа бўладиган таъсир, чиқиндиларни бошқариш, яшил ҳудудлар ва сув объектларини муҳофаза қилиш, экологик хавфсизлик чоралари ва мониторинг масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган.
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Чорвоқ атрофидаги 577 гектар ер майдони озарбoйжонлик тадбиркор Эмин Агаларовнинг «Sea Breeze Uzbekistan» лойиҳаси учун ажратиб берилган. Лойиҳа Чорвоқ сув омборининг шарқий қирғоғи ҳудудида жойлашган бўлиб, замонавий туристик инфратузилмани барпо этишни назарда тутади.
Ички ишлар тизимида миграция хизматлари рақамлаштирилади, «Ақлли» шохобчалар жорий этилади
















