Жаҳон | 15:01 / 21.01.2026
1219
4 дақиқада ўқилади

Европарламент Украина учун ЕИ кредитини шошилинч тартибда кўриб чиқишни маъқуллади

Европарламент 2026–2027 йиллар учун Украинага 90 млрд евро миқдорида ЕИ кредити бериш масаласини шошилинч тартибда кўриб чиқиш тартибини қўллаш учун овоз берди. Кредит ажратиш бўйича якуний овоз бериш феврал ойи бошида бўлиб ўтади.

Фото: AFP

Европарламент Украинага 2026–2027 йиллар учун 90 миллиард евро миқдорида Европа Иттифоқи кредити ажратишга оид учта қонун лойиҳасини шошилинч тартибда кўриб чиқишни қўллаб-қувватлади. Овоз бериш сешанба, 20 январ куни Страсбургда бўлиб ўтди.

Биринчи қонун лойиҳаси — “Украинага кредит бериш бўйича мустаҳкамланган ҳамкорлик” — Европарламентнинг 2025 йил охирида қабул қилинган Европа кенгаши қарорини амалга ошириш бўйича ишларни тезлаштиришга расмий розилиги ҳисобланади. У, шунингдек, ЕИнинг тегишли қонунчилик қоидалари доирасида Украинага кредит бериш учун 24 аъзо давлат ўртасида ҳамкорликни кучайтиришни кўзда тутади. Бу лойиҳа ҳадли характерга эга бўлиб, кредит ажратишда иштирок этувчи барча томонлар учун зарур ишларни бошлаш ҳақида сиёсий сигнал вазифасини ўтайди. У ЕИ кенгаши томонидан маъқулланган. Ушбу ҳужжатга мазмунан овоз бериш жараёни чоршанба, 21 январ куни бўлиб ўтади.

Қолган икки қонун лойиҳаси — “2026 ва 2027 йиллар учун Украинага кредит бериш бўйича мустаҳкамланган ҳамкорликни жорий этиш регламенти” ҳамда “Украина фондини тузиш тўғрисидаги 2024/792 регламентига ўзгартишлар киритиш ҳақида” — кредит суммаси, тўлов муддатлари, молиявий механизмлар ва инструментлар, шунингдек, Украина зиммасидаги мажбуриятларга тааллуқли. Бу икки ҳужжат тегишли қўмиталарда кўриб чиқилишини, эҳтимолий тузатишлар киритилишини ва ЕИ кенгаши билан келишилишини талаб қилгани учун, улар бўйича якуний овоз бериш Европарламентнинг кейинги сессиясида ўтади. Кутилишича, бу сессия 9–12 феврал кунлари бўлиб ўтади.

Европарламент Украинага кредит ажратиш жараёнини расман бошлагани учун, эндиликда барча тафсилотлар одатий қонунчилик тартибига мувофиқ махсус қўмиталар аъзолари ва ЕИ кенгаши томонидан келишиб олиниши керак.

ХВЖ ва Еврокомиссия баҳолашича, 2026–2027 йилларда Украинага давлат институтлари фаолиятини сақлаб туриш ва ҳарбий ёрдам учун жами 137 млрд евро зарур. Шу сумманинг 90 млрд еврoсини ЕИ ажратади, қолган қисми эса “катта еттилик” (G7) мамлакатларидан келиши керак.

Европа ва Украина расмийлари таъкидлаганидек, Украина бюджети молиявий ресурслари апрелга келиб тугаши мумкин. Шунинг учун Европарламент ва ЕИ кенгашида кредит ажратиш ҳақидаги қонун лойиҳаларини шошилинч тартибда кўриб чиқиш муҳим: бу Киевга тўловларни жорий йилнинг иккинчи чорагида ўз вақтида бошлаш имконини беради.

Январ ўрталарида Еврокомиссия Украина учун кредит бўйича қонунчилик таклифларини эълон қилди. Жумладан, унда 90 млрд еврони икки қисмга ажратиш таклиф этилган: учдан бир қисми — 30 млрд евро Киев бюджетига қўллаб-қувватлаш учун, учдан икки қисми — 60 млрд евро ҳарбий ёрдамга йўналтирилади.

ЕИ бюджети кафолатлари остида эркин молия бозорларидан қарз олиш ҳисобига Украинага 90 млрд евро миқдорида кредит кўринишида молиявий ёрдам бериш қарори Европа етакчилари Брюсселда 2025 йил 18 декабр куни ўтказган саммитда қабул қилинган. Қарорни 27 давлатдан 24 таси қўллаб-қувватлаган. Венгрия, Словакия ва Чехия кредитда иштирок этишга қарши чиққан, бироқ қарорнинг ўзини қўллаб-қувватлаган. Кредит шартларига кўра, Украина маблағларни фақат Россия уруш сабаб етказилган зарар учун репарация тўлаган тақдирдагина қайтариши керак бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид