Жаҳон | 14:08
852
3 дақиқада ўқилади

Германия жосуслик иши бўйича Россия ҳарбий атташеси ўринбосарини чиқариб юбормоқда

Германия ҳукумати Берлинда Москва фойдасига жосусликда гумонланаётган аёл ушланганидан кейин Россия элчихонасидаги ҳарбий атташе ўринбосарини мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилди. Германия Ташқи ишлар вазирлиги пайшанба куни, 22 январда Россия элчисини чақириб, дипломатнинг чиқариб юборилиши ҳақида расман хабардор қилди.

Фото: AP

Германия ТИВнинг сиёсий директори билан учрашув якунларига кўра, Россия томонига элчихонада аккредитациядан ўтган ҳарбий атташе ўринбосари 72 соат ичида Германияни тарк этиши кераклиги айтилган. “Федерал ҳукумат Германияда жосусликка — айниқса дипломатик мақом ниқоби остидаги жосусликка тоқат қилмайди”, — дейилади Германия ТИВ баёнотида.

Россия элчихонаси ҳарбий атташеси ўринбосарини чиқариб юбориш қарори Германия федерал прокуратураси шу куни 56 ёшли асли келиб чиқиши украиналик бўлган Германия фуқароси Илона В.ни ҳибсга олганидан кейин қабул қилинган. Германияда у Wiener&Partner консалтинг фирмасига раҳбарлик қилган ва мунтазам равишда таниқли немис бизнесменлари ҳамда сиёсатчилари билан учрашиб турган.

Тергов маълумотларига кўра, у Германияда Россиянинг Украинага қарши уруши билан боғлиқ ҳарбий маълумотларни мақсадли равишда йиғган ва Россия элчихонасидаги алоқа шахсига узатган. Хусусан, у 2023 йили Берлиндаги Adlon меҳмонхонасида ўтган НАТО конференцияси иштирокчилари ҳақида маълумот тўплаган.

Der Spiegel немис ҳафталиги ёзишича, бу алоқа шахси элчихонада “ҳарбий вице-атташе” сифатида аккредитация қилинган Андрей М. бўлган. Терговчиларнинг фикрича, у Россия махсус хизматлари манфаатида ишлаб, Илона В. учун куратор вазифасини бажарган. The Insider нашри эса Андрей М. аввал Псковдаги 76-десант дивизиясида, кейин эса РФ ҚҚ Бош штаби Бош бошқармасининг (2010 йилгача — ГРУ) 162-ҳарбий-техникавий ахборот марказида хизмат қилганини, ГРУ полковниги унвонига эга бўлганини ёзади ва бу Германия учун “деярли сир бўлмаганини” қайд этади.

Федерал прокуратура Илона В.ни хорижий разведка манфаатида агентлик фаолиятида айбламоқда. Терговга кўра, у Россия элчихонаси билан алоқани 2023 йилдан бери сақлаб келган. Шу даврда у бир неча бор ҳарбий мазмундаги маълумотларни — жумладан Германия мудофаа саноати корхоналарининг жойлашуви, дронлар синовлари ва Украинага дрон етказиб бериш режалари ҳақидаги маълумотларни етказган, деб даъво қилинмоқда. Пайшанба куни, 22 январда гумон қилинган жосус аёл тергов даврида ҳибсга жойлаштирилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид