Жаҳон | 14:35 / 26.01.2026
1875
3 дақиқада ўқилади

Мянмада ҳарбий хунта ташкил этган сайловлар якунланди

Фақат армия назоратидаги ҳудудларда Мянмада давлат тўнтаришидан кейин илк парламент сайловлари бўлиб ўтди. БМТ ва ЕИ танқидларига қарамай, ҳарбий хунта уруш оғушидаги мамлакатда овоз бериш орқали ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашни кўзламоқда.

Мин Аун Хлайн Фото: Anthony Wallace/AFP

Фуқаролик уруши туфайли қаттиқ пароканда бўлган Мянмада якшанба, 25 январ куни ҳарбий хунта ташкил этган парламент сайловларида овоз бериш якунланди. AFP қайд этишича, ҳарбийларга яқин бўлган “Иттифоқнинг бирдамлиги ва тараққиёти партияси”нинг (USDP) ғалабаси деярли кафолатланган деб ҳисобланади. Кузатувчилар бу сайловларни аввалроқ “сохталик” деб атаган — уларнинг мақсади мамлакатда амалдаги ҳокимиятни қонунийлаштириш, дейилади.

“Бу сайлов натижаларини маъқуллайдиган давлатлар хунтанинг сохта сайловлар орқали ҳарбий ҳукмронликни легитимлаштириш уринишига шерикка айланади”, — деди жума куни БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича эксперти Том Эндрюс. Сайловлар Евроиттифоқ томонидан ҳам танқид қилинди. ЕИ вакили DW билан суҳбатда шундай деди: “ЕИнинг фикрича, давом этаётган зўравонлик, асосий эркинликларнинг чекланиши, оммавий қамоққа олишлар, асосий сиёсий арбобларнинг четлатилиши ва қуролли тўқнашув шундай муҳит яратдики, бундай шароитда сайловлар эркин, адолатли, барчани қамраб олган ва ишончли бўла олмайди”.

Мянмада тўнтаришдан кейинги илк сайловлар бир ой давом этди ва армия назоратидаги ҳудудларда уч босқичда ўтказилди. Хунтага қарши қуролланган исёнчилар назоратида бўлган катта ҳудудларда овоз бериш умуман ўтказилмади.

Мянмада 2021 йил феврал ойида ҳарбий тўнтариш содир бўлди. Мамлакат раҳбарлари, жумладан давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжи ва президент Вин Мин ҳибсга олинди. Ҳокимият қуролли кучлар олий бош қўмондони Мин Аун Хлайн ва ҳарбий тузилмалар қўлига ўтди.

Генераллар тўнтаришни 2020 йилги сайловларда гўёки қонунбузарликлар бўлгани билан изоҳлаган. Ўша сайловларда Нобел тинчлик мукофоти соҳиби Аун Сан Су Чжининг “Демократия учун миллий лига” партияси катта устунлик билан ғалаба қозонган эди. Аммо ҳарбийлар бу қонунбузарликларга доир далилларни ҳалигача тақдим этмаган.

Аун Сан Су Чжи бир қатор айбловлар бўйича айбдор деб топилиб, қамоққа олинган. 2024 йил апрел ойида уни уй қамоғига ўтказишган.

2025 йил июл ойида расман фавқулодда ҳолат режими тугагани эълон қилинган бўлса-да, амалда мамлакатда ҳокимият ҳали ҳам ҳарбийлар назоратида қолмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид