Рақамлаштириш ва сунъий интеллект даврида шифокорлик касби қандай ўзгаради? Тиббий кадрлар тайёрлаш тизимида нималар янгиланиши зарур? Тошкент давлат тиббиёт университети ректори Шуҳрат Боймуродов билан навбатдаги суҳбатда соҳада таълим сифатини ошириш, малакали кадр тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

Технология инсон ўрнини эгалламайди

Суҳбат бошидаёқ тиббиётда рақамлаштириш масаласи кўтарилди. Ректор фикрича, яқин 10 йил ичида соҳада айрим анъанавий функциялар ўз аҳамиятини йўқотади: шифокорнинг ўзи эмас, иш услуби тубдан ўзгаради. Бугун у кўп вақтини ҳужжат тўлдириш, такрорий таҳлиллар ва маълумот йиғишга сарфлаётган бўлса, келажакда мазкур жараёнларнинг катта қисмини рақамли тизимлар бажаради.

“Энди шифокор иш юкининг катта қисми автоматлаштирилади. Лекин бу даволашда инсон омили керак бўлмайди дегани эмас. Технологиялар шифокорни алмаштириш учун эмас, уни ортиқча иш юкидан озод этиш учун тиббиётда жорий этиляпти. Бунинг натижасида мутахассис бемор билан кўпроқ мулоқот қилиш, касалликнинг сабабларини чуқур таҳлил этиш ва индивидуал ёндашувни кучайтириш имконига эга бўлади.

Шу билан бирга, рақамлаштириш шифокордан янги компетенцияларни ҳам талаб қилади. Энди фақат клиник билим етарли бўлмайди: тиббий маълумотлар билан ишлаш, сунъий интеллект берган тавсияларни тўғри талқин этиш ва якуний қарорни мустақил қабул қилиш муҳим аҳамият касб этади. Негаки алгоритм ёрдамчи бўлиши мумкин, аммо масъулият, виждон ва қарор учун жавобгарлик барибир инсон зиммасида қолади”, – дейди Шуҳрат Боймуродов.

Ректор фикрича, сунъий интеллект беморнинг олдинги таҳлиллари, рентген ёки МРТ натижаларини солиштириб, тавсиялар беради. Аммо якуний қарор барибир шифокор томонидан қабул қилинади.

Яхши шифокор бўлиш формуласи қандай?

Подкастда шахсий ривожланиш ва шифокор компетенциялари масалалари ҳам кўтарилди. Шуҳрат Абдужалиловичнинг фикрича, яхши шифокор бўлишнинг энг биринчи ва асосий шарти аниқ мақсадга эга бўлишдир.

“Шифокор ўз касбий йўлини мақсадсиз бошласа, у билимини тўлиқ ишлатолмайди, бемор билан мулоқот, эмпатия ва масъулият каби инсоний жиҳатларни ҳам ривожлантира олмайди. Шу сабабли, шахсий мақсадни аниқлаш касбий компетенцияларни ошириш ва замонавий тиббиёт талабларига жавоб беришнинг биринчи шартидир”, – дейди у.