Ҳиндистоннинг Ғарбий Бенгалия штатида одамлар ҳаёти учун хавфли бўлган Нипаҳ вируси тарқалиши қайд этилди. Касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида баъзи Осиё мамлакатлари расмийлари Ҳиндистондан келаётган йўловчиларни текширишни кучайтирди. BBC вазият билан боғлиқ сўнгги маълумотларни жамлади.

Таиланд Ғарбий Бенгалиядан парвозларни қабул қилувчи учта аэропортда йўловчиларни текширишни бошлади. Непал нафақат Катманду аэропортига келганларни, балки Ҳиндистон билан қуруқликдаги чегара пунктлари орқали мамлакатга кирганларни ҳам текширмоқда.

Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон расмийлари ҳам чегара ўтказиш пунктларида тиббий назоратни кучайтирди.

Январ ойи бошида Ғарбий Бенгалияда беш нафар тиббиёт ходими вирусга чалинган, улардан бирининг аҳволи оғир. Улар билан мулоқотда бўлган 110 га яқин киши карантинга олинган.

Вирус ҳайвонлардан одамга юқиши мумкин. Ушбу касалликка қарши вакцина ёки даво йўқлиги сабабли, ундан ўлим даражаси жуда юқори - 40 фоиздан 75 фоизгача.

Қирғизистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон назоратни кучайтирмоқда

27 январ куни Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда бирорта ҳам касалланиш ҳолати қайд этилмаганини маълум қилди.

«Ҳеч қандай ваҳимага ўрин йўқ. Мамлакат соғлиқни сақлаш тизими ҳар қандай эҳтимолий эпидемиологик таҳдидларга зудлик билан жавоб беришга тайёр», дейилади вазирлик хабарида. Идора «эҳтимолий инфекция кириб келишининг олдини олиш учун» чегарада санитария назорати кучайтирилганини тасдиқлади.

Ўзбекистон ҳукумати ҳам касаллик ҳолатлари йўқлигини маълум қилди, бу ерда ҳам чегарада назорат кучайтирилди. Таъкидлашича, «ушбу касалликнинг мамлакатга кириб келиш эҳтимоли жуда паст».

Аввалроқ Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги чегарада «Ҳиндистон ва Жануби-Шарқий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан келаётган фуқароларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда» санитария ва карантин назорати кучайтирилгани ҳақида хабар берган эди.

Нипаҳ вируси нима ва унинг қандай белгилари бор?

Нипаҳ вируси одамларга ҳайвонлардан, масалан, чўчқалар ва кўршапалаклардан юқиши мумкин. Бундан ташқари, у одамдан-одамга зарарланган озиқ-овқат маҳсулотлари орқали юқади.