2022 йил октябр ойида Қрим кўпригидаги портлаш бўйича жиноий иш доирасида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган саккиз нафар судланувчи АҚШ, Россия ва Украина президентлари ҳамда халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига мурожаат қилди.

Маҳкумлар терактни ташкиллаштиришга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини ва улардан «яширинча» фойдаланилганини таъкидламоқда. Улар давлат раҳбарларини афв этиш, амнистия ёки сиёсий маҳбусларни алмашиш рўйхатига киритиш бўйича сиёсий қарорлар қабул қилишга чақирди. Жиноий иш иштирокчиларининг мурожаатини «Сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлаш. Мемориал» ташкилоти эълон қилди.

«Биз оддий саккиз кишимиз. Ҳайдовчи, логист, тадбиркорлар. Ҳар куни эрталаб нон топиш, ижара ҳақини тўлаш, болаларни бағрига босиш учун уйғонадиганлар. Энди эса биз - «террорчилармиз». Умрбод қамоқ жазосига, Россия колонияларининг бетон қафасларида секин ва хўрловчи ўлим жазосига ҳукм қилиндик.

Фото: Wikipedia

Нима учун? 2022 йил октябр ойида Қрим кўпригида портлаш содир бўлган вазиятларга дуч келганимиз учун. Терговга «қулай» айбланувчига айланганимиз учун. Шунчаки... яшаганимиз учун. Биз ҳаммамиз оддий юк - қурилиш полиэтилен плёнкаси логистикасига алоқадор эдик. Кейинчалик маълум бўлишича, ўрамлар ичига портловчи қурилма ниқобланган. Бизнинг дахлдорлик даражамиз юкни ўтказиб юборган божхоначилар билан ва портлашда ҳалок бўлган ҳайдовчилар билан бир хил. Биз кундалик юмушлар билан шуғулланардик: кимдир юк ортади, кимдир машина ҳайдайди, кимдир омборни бошқаради. Лекин бу терроризм эмас! Ҳеч қайсимиз портловчи моддадан бохабар бўлмаганмиз. Уюшган жиноий гуруҳга ҳеч ким жалб қилинмаган. Ҳеч ким Украина махсус хизматларининг агенти эмас ва УХХ режаларидан хабардор эмас!».

«Айбловнинг бемаънилиги, қасддан содир этганлик бўйича далилларнинг умуман йўқлиги, аниқланмаган сабаб, УХХ раҳбари Василий Малюкнинг бизнинг дахлсизлигимиз ва «яширин» фойдаланганлик ҳақидаги очиқ баёнотлари – булар суднинг ишни қабул қилишига ва ҳукм чиқаришига тўсқинлик қилмади. Суд жамоатчилик учун эшикларни шунчаки ёпиб қўйди: айбсизларни матбуот олдида суд қилиш жуда ноқулай бўларди. Портлатиш ҳолатлари ўйлаб топилган. «Айбдорлар» тайинланди. Бирорта ҳам ҳақиқий террорчи ёки агент қўлга олинмаган. Тасодифий саккиз киши умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди».

«Ҳозир АҚШ воситачилигида Россия ва Украина ўртасида тинчлик ўрнатиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Муҳокамаларда сиёсий маҳбусларнинг ўзаро амнистияси мавзуси янграмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳар қандай келишув доирасида барча сиёсий маҳбусларни озод қилиш ёки алмашишни мунтазам равишда талаб қилиб, асосий омилларни таъкидламоқда: фуқаролик позицияси, эътиқоди, қурбонлар ёки оғир оқибатларнинг йўқлиги учун таъқиб қилинганлар».