Хитойда Мянмадаги онлайн фирибгарлик марказлари (скам-марказлар) тармоғини бошқаришда айбланган Мин оиласининг 11 нафар аъзосига нисбатан ўлим ҳукми ижро этилди, деб хабар бермоқда Xinhua агентлиги.

Скам-марказлар Жануби-Шарқий Осиёда жиддий муаммо бўлиб, хитойликлар кўпинча онлайн фирибгарлик қурбонига айланишади.

Мин синдикати аъзолари 2023 йил ноябрида, Мянманинг Хитой билан чегараси яқинидаги ҳудудда қўлга олинганди.

Синдикат аъзолари 2025 йил сентябридаги суд мажлисида қотиллик, ноқонуний озодликдан маҳрум қилиш ва фирибгарликда айбдор деб топилиб, ўлимга ҳукм қилинганди. Ноябрда олий инстанция суди апелляцияни рад этди ва 29 январ куни ҳукм ижро қилинди.

Суд қарорига  кўра, скам-марказлар ва казино бизнеси орқали Мин оиласи 2015 йилдан 2023 йилга қадар бўлган даврда 10 млрд юандан ортиқ (1,4 млрд доллар) маблағ ишлаб топган. Уларнинг фаолияти Хитойнинг 14 фуқароси ўлимига олиб келган.

Синдикатнинг 2023 йилда қўлга олинган барча аъзолари ҳам ўлимга ҳукм қилинмаган. 23 кишига беш йилдан умрбод қамоқ жазосигача бўлган ҳукмлар эълон қилинган.

Бу Хитойда шундай иш бўйича ижро этилган биринчи ўлим ҳукми бўлди. Ноябр ойида Бай синдикатининг беш нафар аъзосига ҳам ўлим ҳукми чиқарилганди, шунингдек, Вэй ва Лю гуруҳлари аъзолари устидан суд жараёни давом этмоқда.

Хитойда қанча одам қатл этилиши ҳақида аниқ маълумот йўқ: бундай статистика давлат сири ҳисобланади. Ҳуқуқ фаоллари эса Хитой – жаҳонда қатллар бўйича етакчи эканини даъво қилишади.

Мин синдикати ўз фаолиятини асосан Лауккай шаҳрида олиб борган, бу ҳудуд 2023 йил ноябрига қадар Мянмадаги ҳарбий хунта назоратида бўлган, кейин эса маҳаллий исёнчилар қўлига ўтган.

Лауккай – Хитой билан чегарадаги Кокан автоном регионида жойлашган шаҳар бўлиб, бу ерда асосан Бирма хитойлари истиқомат қилади. 2000-йилларда бу шаҳарча аста-секинлик билан хароба ҳудудда казинолар фоҳишахоналар марказига айланади.

Кейин бу ерда онлайн-фирибгарликка ихтисослашган скам-марказлар ҳам пайдо бўлади. Шаҳардаги шундай марказлардан энг йириги Crouching Tiger Villa (Уйқудаги йўлбарс вилласи) комплекси бўлиб, уни Мин синдикати раҳбари, муқаддам Мянма парламенти депутати бўлган Мин Сюэчан бошқаради.

Оиланинг асосий даромади дастлаб қимор ўйинлари ва фоҳишабозлик, кейин эса онлайн фирибгарлик эди – уларнинг тузоғига тушган шахслар қулликда ушлаб турилган ва мажбуран ишлатилган, қочишга уринганлар эса ўлдирилган. Хитой нашрларига кўра, Мин оиласи ўз фаолиятининг энг юқори чўққисида фирибгарлик ва бошқа жиноятларни содир этиш учун камида 10 минг кишини жалб қилган.