Жаҳон | 10:41
971
3 дақиқада ўқилади

Венесуэла нефт соҳасини хусусий инвесторлар учун очди

АҚШ Венесуэланинг нефт саноатига нисбатан санкцияларни юмшатди. АҚШ Молия вазирлиги Каракас ҳукумати ва давлат нефт компанияси PDVSA билан битимлар тузишга рухсат берди. Рухсат нефтни сотиш, ташиш ва қайта ишлашга тааллуқли.

Фото: REUTERS

Венесуэла парламенти АҚШ талабларига мувофиқ равишда нефт секторини хусусий инвесторлар учун очиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Ислоҳот — “тарихий сакраш”, деб баёнот берди Венесуэла президенти вазифасини бажарувчи Делси Родригес 29 январ, пайшанба куни Каракасда.

Бунгача мамлакат нефт секторида фақат давлат нефт компанияси PDVSA билан боғлиқ қўшма корхоналар ишлаши мумкин эди, бунда PDVSA ҳар доим назорат пакетини ўзида сақлаб қоларди.

Энди хусусий компаниялар PDVSA билан қўшма корхона тузишга эҳтиёж қолмаган ҳолда мустақил равишда нефт қазиб олиши ва сотиши мумкин бўлади, деб тушунтирди AFP агентлиги.

Қазиб олиш учун 15 фоиз миқдорида ягона бадал жорий этилмоқда ва ялпи даромаднинг 30 фоизигача бўлган максимал лицензия йиғими белгиланмоқда. Солиқ ставкалари муайян лойиҳанинг рентабеллиги ва унга киритилаётган инвестициялар ҳажмига қараб белгиланади.

Шу фондда АҚШ Венесуэла нефт саноатига нисбатан санкцияларни юмшатди, деб хабар берди Reuters агентлиги. АҚШ Молия вазирлиги Каракас ҳукумати ва давлат нефт компанияси PDVSA билан операциялар амалга ошириш учун умумий рухсатнома берди. Бу рухсат Венесуэла нефтини сотиш, ташиш ва қайта ишлашга тааллуқли.

Венесуэла нефтини сотиш қайта тикланиши АҚШнинг ҳарбий операциясидан кейин содир бўлди — унда январ ойи бошида Венесуэланинг собиқ раҳбари Николас Мадуро қўлга олинган.

АҚШ назорати остида экспорт қайта бошланганидан сўнг, манбалар маълумотига кўра, давлат нефт компанияси PDVSA қазиб олиш ҳажмини ошира бошлаган.

АҚШ Каракас билан тузилган янги келишув доирасида Венесуэла нефтини сотишни аллақачон бошлаган. Вазиятдан хабардор манбанинг айтишича, дастлабки битимлардан тушган тахминан 500 млн доллар миқдоридаги даромадлар АҚШ маъмурияти назоратидаги банк ҳисобрақамларига жойлаштирилмоқда. Суҳбатдошга кўра, келишувнинг умумий ҳажми 2 млрд доллар деб баҳоланмоқда, асосий ҳисобрақам эса ҳисоб-китоблар учун нейтрал майдон сифатида Қатарда очилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид