Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сирдарёда пул учун Россия армиясига ёлланган 60 ёшли шахс 5 йилга қамалди
Афғон уруши қатнашчиси бўлган эркак моддий манфаат учун Россия армиясига ёлланиб, Украинага қарши урушда иштирок этган. У мотоўқчи баталони эвакуация бўлимининг механик ҳайдовчи-кранчиси ҳарбий лавозимида хизмат қилган. Ўзбекистонга қайтгач эса ЙТҲ содир қилиб, бир кишининг ўлимига сабабчи бўлган.
Фото: Kun.uz
Россия армиясига ёлланган яна бир ўзбекистонлик жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжатлари билан танишди.
Суд ҳукмида келтирилишича, 1966 йил Сирдарё туманида туғилган Р.Б. 2023 йил 5 апрел куни ишлаб пул топиш мақсадида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига борган. У аввалига пайвандчилик фаолияти билан шуғулланган. Сўнгра рус миллатига мануб Виктор исмли шахснинг таклифига асосан моддий манфаатни кўзлаб, Россия армиясига ёлланган.
Р.Б. Санкт-Петербург шаҳридаги ҳарбий қисм билан 2023 йил 17 июндан 2024 йил 16 июнга қадар бўлган муддатда ҳарбий хизматни ўташ бўйича шартнома имзолаган. У ҳарбий қисм мотоўқчи баталони эвакуация бўлимининг механик ҳайдовчи-кранчиси ҳарбий лавозимига қабул қилинган.
Шундан сўнг Р.Б. ўзига бириктирилган автомат билан 2024 йил 16 июнга қадар Донецкда Украинага қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этган.
Бир йиллик шартнома муддати тугагач Р.Б. Ўзбекистонга қайтган. 2025 йил 4 январ куни у ўзига тегишли Nexia машинасини Сардоба тумани Пахтакор маҳалласи ҳудудида бошқариб бораётиб, йўл четида кетаётган икки пиёдани уриб юборган. Оқибатда пиёдалардан бири Ж.А. оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган.
Р.Б. ЙТҲ эпизоди бўйича ЖИБ Сардоба туман судининг 2025 йил 9 июндаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) содир қилишда айбдор деб топилган. Унга 3 йил барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазо шартлига ўзгартирилиб, 2 йил синов муддати белгиланган.
Россия армиясига ёлланиб, Украинага қарши урушда қатнашгани маълум бўлгач, Р.Б.га ушбу қилмиш учун жиноий иш қўзғатилган. ЖИБ Сардоба туман судининг 2025 йил 18 декабрдаги ҳукми билан Р.Б. чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш жиноятини содир қилган деб топилган. Унга 34 млн сўм жарима ва 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, ЖИБ Сардоба туман судининг 2025 йил 9 июндаги ҳукми билан тайинланган жазонинг шартлилиги бекор қилиниб, узил-кесил ўташ учун 5 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланган.
Р.Б. апелляция шикоятида айбига иқрорлигини, жиноятни оқибатини тушуниб етмасдан содир этганини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини ҳамда Афғон уруши қатнашчиси ва 2-гуруҳ ногирони эканини айтиб, суддан енгиллик беришни сўраган. Аммо Сирдарё вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2026 йил 27 январдаги ажрими билан дастлабки суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
Аввалроқ наманганлик йигит Россия армиясига ёлланиб, Украинага қарши урушда қатнашгани учун жиноий жазога тортилган эди. У “ўлиб кетмаслик учун” урушга боришга мажбур бўлганини айтганди.